Ургутдаги “муз сақланадиган ғор” - Яхтон

Туманнинг Чорчинор маҳалласи ҳудудида жойлашган Яхтон ғори (авваллари “Яхдон” номи билан машҳур бўлган) ўзининг ноёб табиий хусусиятлари билан эътиборга лойиқ. Форс тилидан таржима қилинганда, “ях” - “муз”, “дон” эса “сақланадиган жой” маъносини беради. Бу эса ғорнинг табиий хусусиятини аниқ ифодалайди.
Чорчинор маҳалласида яшовчи Шериқул Ғаффоровнинг сўзларига кўра, 1860-1865 йиллар оралиғида мазкур ҳудудда вольфрам моддаси аниқланган ва кейинчалик бу ерда кон фаолияти йўлга қўйилган.
- Кичик вагончалар ёрдамида кондан вольфрам чиқарилиб, заводларга етказиб берилган, - дейди у. - Конда битта асосий кириш қисми мавжуд бўлиб, унинг узунлиги тахминан 3,5 километр, эни эса 4 метргача етади. Ҳозирда Яхтон табиий ғор сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Ғордан йилнинг тўрт фасли давомида тиниқ ва муздек сув сизиб чиқиб туради. Айниқса, баҳор ва қиш ойларида сув оқими анча кўпаяди. Ғор ичидаги ҳарорат ёз фаслида салқин, қишда эса нисбатан илиқ бўлади. Бу эса табиий “яхдон” вазифасини бажараётганини англатади.
Ургут тумани марказидан тахминан 7 километр узоқликда жойлашган мазкур маскан ўзининг экологик тозалиги, тинч ва сўлим муҳити билан сайёҳларни жалб этмоқда. Бу ерга маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ташриф буюриб, табиатнинг гўзал манзараларидан баҳраманд бўлишлари ва мароқли дам олишлари мумкин.
Мутахассислар хулосасига кўра, Яхтон конидаги вольфрам триоксиди моддасининг захираси 20 минг тоннадан ортиқни ташкил этади. Бу эса ушбу ҳудуд нафақат туризм, балки саноат салоҳияти нуқтаи назаридан ҳам улкан аҳамиятга эга эканини кўрсатади.
Фазлиддн РЎЗИБОЕВ,
Заҳро ИБРОҲИМОВА.