Ургутлик коллеж ўқувчиси ўғирлик содир этди

Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ 3-ИИБга Самарқанд шаҳар, Дўстлик кўчасида яшовчи, 1981 йилда туғилган фуқаро Н.Ш. ариза билан мурожаат қилиб, вилоят “Баркамол авлод” мактаби ёнидаги майдонда номаълум фуқаро томонидан ўғли 2007 йилда туғилган, вояга етмаган Ф.А.га тегишли бўлган “Iphone-6” русумли телефон аппаратини яширин равишда ўғирлаб кетилганини маълум қилган ва номаълум шахсни аниқлаб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Вилоят ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор ишлар натижасида мазкур жиноятни Ургут тумани Қумзор кўчасида яшовчи, Ургут тумани ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўқувчиси, 2001 йилда туғилган С.Ш. содир қилганлиги аниқланиб, ундан “Iphone-6” русумли телефон аппарати ҳолислар иштирокида расмийлаштирилиб олинган.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан С.Ш.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.