Bizni kuzating

Вақтида мурожаат этилса, даволаса бўлади

Ҳар йили 26 июнь санаси дунё миқёсида Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни сифатида нишонланади. Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан жамиятни гиёҳвандлик балосининг хавфли оқибатларидан огоҳ этиш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида белгиланган.

Гиёҳвандлик инсоният олдида турган энг жиддий ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. У нафақат инсон саломатлигига, балки оила фаровонлиги, жамият барқарорлиги ва мамлакат тараққиётига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Гиёҳванд моддаларга қарамлик инсоннинг жисмоний ва руҳий ҳолатини издан чиқариб, унинг ҳаёт сифати пасайишига олиб келади.

Бугунги кунда гиёҳвандликка қарши кураш давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, таълим муассасалари ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигини талаб этади. Айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни спорт, илм-фан ва ижодга жалб қилиш орқали бу иллатнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, кузатувларимизга кўра, ота-онасидан узоқ яшайдиган, бобо-бувилари, қариндошлари қўлида қолган ўсмир ёшлар ўртасида кўпроқ шундай салбий ҳолатлар учрамоқда.

Гиёҳвандликнинг олдини олишда оила муҳити ҳал қилувчи ўрин тутади. Фарзандлар билан самимий мулоқот қилиш, уларнинг қизиқишлари ва муаммоларига бефарқ бўлмаслик, тўғри ҳаётий қадриятларни шакллантириш келажак авлодни турли зарарли одатлардан асрашга хизмат қилади. Бола ўз-ўздан асабий бўлиб қолса, гап ёқмаса, уйдан чиқиб кетиш ҳолатлари кўпайса, ота-оналар ҳушёр тортишлари лозим.

Тўғри, бугун марказимизда гиёҳвандликка чалинган фуқароларни даволашда янги, замонавий усуллар қўлланилмоқда, натижада (агар ўз вақтида мурожаат этилса) даволаш самарадорлиги 80 фоизга етди.
Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни муносабати билан юртимизда ҳам турли маърифий тадбирлар, давра суҳбатлари, спорт мусобақалари ва тарғибот акциялари ташкил этилмоқда. Бу каби ташаббуслар аҳоли ўртасида гиёҳвандликнинг зарари ҳақидаги билимларни оширишга, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Бахтиёр ҚУДРАТОВ,
Республика ихтисослаштирилган руҳий-саломатлик
илмий-амалий тиббиёт марказининг наркология
хизмати бўйича вилоят филиали олий тоифали шифокори.