Васийга бола парваришлаш таътили бериладими?

Ушбу саволга Самарқанд тумани адлия бўлими юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти Жаҳонгир Мамадиёров жавоб берди.

- Ходим янги туғилган болани фарзандликка олганда ёки унга васий қилиб белгиланганда, бола парваришлаш таътили олиш асоси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида келтириб ўтилган.

Жумладан, мазкур кодекснинг 406-моддасига асосан, янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бола фарзандликка олинган ёки васийлик белгиланган кундан бошлаб ва бола туғилган кундан эътиборан эллик олти календарь кун (бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ бола фарзандликка олинган тақдирда эса етмиш календарь кун) ўтгунига қадар қонунчиликда белгиланган, лекин ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдорда нафақа тўланган холда таътил берилади.

Шунингдек, янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимнинг ёзма аризасига кўра, ходимга бола икки ёшга тўлгунига қадар болани парваришлаш таътили берилиб, ушбу давр учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда нафақа тўланади, шунингдек, бола уч ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳам берилиши белгилаб ўтилган.

Юқорида келтирилган маълумотларга асосланган ҳолда хулоса қилишимиз мумкинки, болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга унинг ёзма аризасига асосан бола икки ёшга тўлгунича ёки уч ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи сақланмайдиган таътил ҳам берилиши мумкин.