Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Вилоят ҳокимининг бу ҳафтадаги иш режаси маълум қилинди

Вилоят ҳокими ҳафталик (14-19 июнь кунлари) иш режасига мувофиқ жорий ҳафтадаги фаолиятини Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасида тадбиркорлар билан учрашувдан бошлади. 

Шаҳарсозлик кенгашининг таклифига биноан архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги лойиҳаларнинг муҳокамасида иштирок этди. 

Шунингдек, ҳафта давомида қурилиш ва архитектура ҳамда бошқа бир қатор соҳа мутахассислари иштирокида Самарқанд шаҳрида олиб борилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари билан танишган ҳолда муҳокамалар ўтказади.

Вилоят ҳокимининг иш режасида Иштихон тумани Митан шаҳарчаси ва Пайариқ туманининг Накурт ҳудудидаги маҳаллаларни ободонлаштириш, аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида олиб борилаётган ишларни муҳокама этиш кўзда тутилган. 

Бу ҳафтадаги вилоят ҳокимлиги аппарат йиғилишида пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш бўйича қабул қилинган Президент фармон ва қарорларининг вилоятдаги ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг ўринбосари ҳамда Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғининг ҳисоботини эшитиш белгиланган. 

Видеоселектор шаклида ўтказиладиган йиғилишда маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, аёллар ва ёшлар муаммоларини ҳал этиш борасида ҳудудларда олиб борилаётган ишлар ҳам таҳлил этилади.

Жорий ҳафтада Қирғиз Республикаси парламенти раҳбари ўринбосари, Бирлашган Араб Амирликларининг “DP World” компанияси вакиллари ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва омбудсманларининг 4-йиғилиши иштирокчиларидан иборат делегациянинг Самарқандга ташрифи ҳам кўзда тутилмоқда.

Вилоят ҳокими бу ҳафтада ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларининг масъуллар томонидан бажарилишини муҳокама қилиши, ижро интизоми ва бошқа бир қатор масалаларни кўриб чиқиши белгиланган.