Ходим иш берувчи томонидан берилган барча топшириқларни бажариши шарт(ми?)

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 16 ва 17-моддаси талабларига кўра, ҳар бир ходим ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш, ўзининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу жумладан суд орқали ҳимоя қилиш ва малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эгадир. Иш берувчи эса меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни лозим даражада бажаришни ходимдан талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Меҳнат шартномаси тузилганидан кейин ходимнинг ишига қараб иш ҳақи олиши унинг ҳуқуқи бўлса, иш берувчи томонидан берилган вазифаларни бажариш ходимнинг мажбурияти ҳисобланади. Шу ўринда савол туғилиши табиий – ходим иш берувчи томонидан берилган барча топшириқларни бажариши шартми? Албатта йўқ, фақат меҳнат шартномасида ва лавозим йўриқномасида белгиланган ишларни бажариши лозим.

Айрим ҳолатларда низолар келиб чиқишига айнан шу ҳолат, яъни иш берувчи томонидан ходимга унинг лавозимига оид бўлмаган вазифаларнинг юклатилиши сабаб бўлмоқда. Охири оқибат иш берувчи билан ходим ўртасидаги зиддият иш берувчининг ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача бориб етмоқда.

Масалан, фуқаро З.Х. корхонага ҳайдовчиликка ишга қабул қилинди. Орадан маълум муддат ўтгандан сўнг ташкилот З.Х. бошқарувидаги автомашинани сотиб юборганлигини важ қилиб, унга иш ҳақи тўламай қўйган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддаси талабига кўра, иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ тўлаши шарт. Меҳнат шартномасининг тарафлари келишуви билан белгиланган меҳнат ҳақи миқдори жамоа шартномаси ёки келишувида ўрнатилган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас.

Қонун талабларидан кўриниб турибдики, иш билан таъминлаш мажбурияти иш берувчига юклатилган. Бундай ҳолда, агар иш ҳажми қисқарган бўлса, ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилиниши керак эди.

Феруз Каримов,

фуқаролик ишлари бўйича

Самарқанд вилоят судининг

катта мутахассиси.