Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нима учун иш ўринлари аттестациядан ўтказилади?

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 65 мингга яқин ташкилот ва корхона фаолият юритмоқда. Шундан 2018-2020 йиллар давомида 146 та ташкилот ва корхоналарда ноқулай, зарарли ва хавфли иш жойлари аттестациядан ўтказилди.

4,5 мингга яқин ишчи-ходимлар қонун ҳужжатларида назарда тутилган шахсий ҳимоя воситалари, махсус кийим, сут ва унга тенглаштирувчи маҳсулотлар, қўшимча меҳнат таътиллари, муддатдан олдин пенсияга чиқиш, имтиёзлар ва компенсациялардан фойдаланиб келмоқда.

Аммо, айрим иш берувчилар иш ўринларини аттестациядан ўтказмасдан келмоқда.

Аслида нима учун иш ўринлари аттестациядан ўтказилади?

Иш ўринларини аттестациядан ўтказишдан мақсад - оғир ишларда, ноқулай, зарарли ва (ёки) хавфли ишларда банд бўлган ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсацияларни белгилаш, касбий хавфни баҳолаш, ходимларни якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, шунингдек, касб касаллиги ташхисини аниқлашдан иборат. Шунингдек, ногиронлар банд бўлган иш жойлари, хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги барча иш ўринлари ва касблар аттестациядан ўтказилиши мажбурий ҳисобланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги 263-сонли қарори билан тасдиқланган “Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом"да белгиланган.

Аттестацияни ўтказиш даврийлигини корхонанинг ўзи белгилайди, бироқ ҳар 5 йилда камида бир марта ўтказилади ва 50 йил сақланади.

Корхонани қайта ташкил этишда аттестация материаллари тўлиқ ҳажмда қайта ташкил этилаётган корхонанинг ҳуқуқий меросхўрига, тугатилган тақдирда эса - белгиланган тартибда давлат архивига берилади.

Корхона ва ташкилотларда иш ўринлари аттестациядан ўтказилмаган тақдирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 49-моддасига асосан маъмурий жарима солишга сабаб бўлади.

Зокир Очилов,

Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат техник инспектори.