Янги ҳафта давомида қисқа муддатли ёмғир ёғиши кутилмоқда

"Ўзгидромет" хабар беришича, эртага осмонни булут қоплайди, аммо ҳудудларнинг катта қисмида қуруқ об-ҳаво сақланиб туради, фақат Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди.

Чоршанба куни Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизининг жанубидан нам ва деярли салқин ҳаво кириб келиши бошланади.

5 майда Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида, 6 майда республика ҳудудининг катта қисмида (Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларидан ташқари) ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

4-6 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол 15-20 м/с гача кучаяди.

Жума куни момақалдироқ билан ёмғир ёғиш эҳтимоли фақат Тошкент, Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди ва кечаси +12... +17 даражани, кундузи +25... +30 даражани ташкил этади.