Йил якунигача спортчиларни маҳалладан бошлаб танлаб олиш бўйича электрон платформа ишга туширилади
Давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда Спортни ривожлантириш вазирлигига бир қатор вазифалар юклатилди. Жумладан:
- 279 та болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидаги шарт-шароитлар ва тренерларнинг малакасини жойига бориб ўрганиш ҳамда уларни олимпия спорт турларига ихтисослаштириш;
- ҳар бир спорт мактабини ўз ҳудудидаги маҳалла, мактаб ва техникумлар билан боғлаб, уларда камида 1 тадан олимпия спорти тўгаракларини ташкил этиш;
- йил якунигача спортчиларни маҳалладан бошлаб танлаб олиш бўйича электрон платформани ишга тушириш;
- натижа кўрсатган маҳаллаларни рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
- спорт мактабларини тиббий асбоб-ускуналар, дори дармон ва спорт кийимлари билан таъминлаш учун жорий йилда 35 миллиард сўм ажратиш;
- 1 сентябргача мактаб, спорт мактаби, коллеж ва олийгоҳларнинг залларини ноолимпия спорт турлари клубларига бепул бериш тартибини жорий этиш топшириқлари берилди.
Умуман, вазирлик ва вилоят ҳокимлари ёшларнинг 43 фоизи (6 миллиондан ортиқ) оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриши шартлиги кўрсатилди.