Ёшлар ойлиги нима берди?

Гарчи ойлик карантин даврига тўғри келган, ўқувчи ва талабалар учун ёзги таътил бошланган бўлса-да уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, мурожаатларини тинглаш ва муаммоларига ечим топиш мақсадида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ойлик доирасидаги тадбирлар ташкил этилди.

Аҳамиятлиси, июнь ойи давомида вилоятимизнинг “яшил” тоифада бўлган ҳудудларида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари ўтказилди. Бундай учрашувлар вилоятнинг “ZOOM” дастури ва бошқа ижтимоий тармоқлар орқали онлайн тарзда ҳам ташкил этилди. Тадбирларда 3 минг 500 нафардан зиёд ёшлар иштирок этди. Уларнинг 150 га яқин мурожаатлари тингланиб, 100 та таклиф ва муаммолари жойида ҳал этилди.

Ғўбдинда “Ёшлар меҳнат гузари” иш бошлади

Булунғур туманининнг Ғўбдин маҳалласида “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуасининг фойдаланишга топширилиши ҳудуд ёшлари учун байрам туҳфаси бўлди.

1,4 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган мажмуада савдо дўконлари, тикувчилик, эшик ва ром, нон ҳамда қандолатчилик маҳсулотлари цехлари,  сартарошхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил этилган.

Тадбиркор Ислом Нажмиддинов томонидан барпо этилган мажмуада 11 нафар йигит-қиз ишли бўлди. Келгусида мажмуани кенгайтириш режалаштирилган бўлиб, яна 22 та янги иш ўрни яратилади.

Масофавий матбуот анжумани

Ёшлар ойлиги доирасида “ZOOM” дастури орқали онлайн ўтказилган матбуот анжуманида “Yoshlar-kelajagimiz” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизда бажарилган ишлар ва келгусидаги режалар хусусида маълумотлар берилди.

- Ҳозирги кунда вилоятда жамғарманинг 16 та туман ва шаҳар филиаллари фаолият олиб бормоқда, - дейди жамғарманинг вилоятдаги координатори Дилшод Набиев. - 2018 йилда “Yoshlar-kelajagimiz” Давлат дастури доирасида ёшларининг бизнес ташаббуслари, стартап, ғоялари реализация қилиш учун вилоятдаги 426 нафар ёшнинг 53 миллиард 705 миллион сўмлик лойиҳалари амалга оширилиб, 1847 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. 2019 йилда эса дастур доирасида 406 нафар йигит-қизга ўз лойиҳаларини амалга оширишлари учун 109 миллиард 858 миллион сўмлик маблағ ва натижада 2758 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди. 2020 йилда ҳам бу ишлар давом этмоқда.

Давлат дастури доирасида вилоятимиз турли ҳудудларида 64 та “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуалари ва Самарқанд шаҳрида 1 та “Ёш тадбиркорлар коворкинг маркази” қурилиши ҳамда фаолияти йўлга қўйилиши натижасида 578 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.Бугунги кунда ана шундай 10 та “Ёшлар меҳнат гузари” мажмуаси фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 110 нафар ёш иш билан банд бўлди. Самарқанд шаҳрида қурилиши режалаштирилган “Ёш тадбиркорлар коворкинг маркази” ҳам ўз фаолиятини бошлагач, 4 та янги иш ўрни яратилди.

Қўмондон ёшлар билан учрашди

“Ёшлар ойлиги” доирасида Марказий ҳарбий округдаги Ситуацион марказда округ қўшинлари қўмондони, полковник Айбек Саидов ёшлар билан учрашди.

Карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатида Самарқанд вилоятидаги 16 та туман шаҳарлардан 40 нафарга яқин ёшлар иштирок этди. Шунингдек, учрашувда масофадан видео конференсалоқа орқали 200 нафарга яқин йигитлар қатнашиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Марказий ҳарбий округ қўмондони бугунги кунда миллий армиямиз салоҳияти, ўзгариш ва янгиланишлар, муддатли ҳарбий хизмат ва имтиёзлар ҳақида маълумотлар берди.

Тадбир давомида ёшларимиз Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши вакиллари билан ҳамкорликда ташкил этилган қурол-аслаҳалар кўргазмаси, ҳарбий хизматчиларнинг яшаш шароитлари билан танишди.

***

Шунингдек, ойлик доирасида онлайн тарзда сенаторлар, прокурорлар, сектор раҳбарларининг ёшлар билан учрашувлари, “Кексалар эъзозимизда”, “Ҳеч ким меҳр-эътибордан четда қолмайди” каби хайрия акцияси, турли хил танловлар, маданий тадбирлар ташкил этилди.

30 июнь - Ёшлар куни муносабати билан Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда концерт дастури намойиш этилди. Йигит-қизларимиз бу дастурни ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри томоша қилиш имкониятига эга бўлди.

Тўлқин СИДДИҚОВ.