Зиёвуддин замонавий шаҳарча бўлади
Аввал хабар берганимиздек, жорий йилда Пахтачи тумани маркази – Зиёвуддин шаҳарчасида Жиззах вилояти Гагарин шаҳри тажрибаси асосида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Аввало, туманда вилоят ҳокимининг ўринбосари Б.Нуруллаев раҳбарлигида штаб ташкил этилиб, мутасадди идора ва ташкилотлар жалб этилган ҳолда шаҳарчанинг янги, замонавий кўриниши архитектура лойиҳалари тайёрланди. Қаерда қандай юмушларни амалга ошириш, эски бинолар ўрнида янгиларини қуриш режалари ишлаб чиқилди.
– Шаҳарчадаги қурилиш-ободонлаштириш ишлари 8 маҳалла ҳудудини қамраб олган, – дейди Пахтачи тумани ҳокими ўринбосари Ж.Исмоилов. – 78 та кўчада таъмирлаш ишлари олиб борилади ва бу жараён бошланган. Айниқса, Истиқлол, Қ.Суюнов, Амир Темур, Мирзо Улуғбек кўчаларида йўлни кенгайтириш, пиёдалар йўлаклари қуриш ишлари жадал суратда давом этмоқда.
Лойиҳага кўра, шаҳарчадаги 200 га яқин хонадон, бир қатор нотурар жой объектлари ўрнида кўп қаватли ва намунавий лойиҳадаги арзон уй-жойлар қурилади. Уй-жойи бузиладиган оилаларга компенсация тўловлари тўлаб берилади ёки улар турар-жой билан таъминланади.
Шаҳардаги деярли барча маъмурий бинолар, корхона ва ташкилотлар янгидан буён этилади, реконструкция қилинади. Бундан ташқари, давлат хизматлари кўрсатиш маркази, меҳмонхона, маданият саройи, автобошбекат, текстил корхонаси, стадион, ҳар бир маҳалла ҳудудида спорт майдончалари, маҳалла марказлари, маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари янгидан қурилади. Истироҳат боғи кенгайтирилади.
Шаҳаргача киришдаги хиёбон ва хотира майдони атрофида кутубхона, дам олиш масканлари, ҳунармандлар маркази ташкил этилади.Айни пайтда Зиёвуддинда тумандаги ва вилоят қурилиш ташкилотлари қурувчилари, йўлсозлар томонидан лойиҳа асосида реконструкция ишлари олиб борилмоқда.
Ўз навбатида аҳоли ҳам уй-жойи ва хонадони атрофини шаҳарчанинг янги қиёфасига мос ҳолда таъмирламоқда, ҳудудни ободонлаштириш ишларида иштирок этаётир. Бу юмушларни амалга ошириш учун уларга қурилиш материаллари ҳокимлик томонидан етказиб берилмоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ,
Б.МУСТАНОВ (фото)