Зиёратгоҳ яқинида ер ости йўли қурилмоқда
Оқдарё туманидаги Даҳбет шаҳарчасида жойлашган Маҳдуми Аъзам зиёратгоҳи яқинида, М-37 автомагистралида пиёдалар учун ер ости тоннели қурилиши бошланди.
Автомобил йўлининг шу қисмида светофор ва пиёдалар учун 2 та йўлак ташкил этилган бўлиб, пиёдаларнинг кўплиги ва зиёратгоҳга келувчиларнинг сони ошиб бораётганлиги сабабли ер ости йўли қурилиши зарур эди. Чунки йўлни кесиб ўтишда қўпол қоидабузарликлар содир бўлаётган эди. Вилоят ҳокимининг ташаббуси билан бу хайрли ишга қўл урилди. Мазкур ер ости йўлининг узунлиги 42 метр, баландлиги 2,5 метр, эни эса 4 метрни ташкил этади.
«Ўзйўлкўприк» кластери Самарқанд филиали давлат муассасасининг ишчилари томонидан қурилаётган ер ости тоннелида пиёдалар йўлагидан ташқари ногиронлар учун лифтлар ҳам ўрнатилади. Тоннел қурилиши замонавий технологиялар асосида тайёр темир - бетон конструксиялар ёрдамида амалга оширилади.
- Кунига 40 га яқин қурувчи ва 10 та махсус техника ёрдамида қурилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда, - дейди «Ўзйўлкўприк» кластери Самарқанд филиали давлат муассасаси иш бошқарувчиси Нурали Жамуродов. – Ҳозирда икки томондан ҳам 10 метрлик пиёдалар йўлаги учун зинапоялар қуриб бўлинди. Энди йўлак учун ер остини тешиб ўтиш, ковлаш ва тупроқ ташиш ишлари бошланяпти.
Тепасидан кунига 20 мингга яқин автомобил ва 3 мингга яқин пиёдалар ҳаракатланувчи ер ости йўлаги март ойининг илк ўн кунлигида фойдаланишга топширлиши режалаштирилган.
Дилмурод ТЎХТАEВ.