Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари Қаддумий хонимни мафтун этди

Қўқон шаҳрида бўлиб ўтаётган биринчи Халқаро ҳунармандчилик фестивалида хорижлик меҳмонлар Самарқанд ҳунармандчилик маҳсулотлари намуналарини томоша қилиб, завқ олишди.

Жумладан, Жаҳон ҳунармандлар кенгашининг Осиё – Тинч океани минтақаси президенти Гада Ҳижобий Қаддумий хоним уста Мансур Асадов томонидан ишланган айвон, хонтахта, эшик каби ёғоч ўймакорлиги маҳсулотларини кўриб, ҳайратини яширолмади.

- Самарқанд шаҳри ҳақида кўп эшитганман, интернет тармоқлари, газеталарда ўқиганман, - дейди Қаддумий хоним. – Мени, шубҳасиз, Самарқанднинг ранг-баранглик акс этган халқ амалий санъати маҳсулотлари қизиқтирар эди. Бу ҳақида сайтларда кўрган бўлсам-да бугун уларнинг ясалиши, сифати ва бежиримлигини кўриб лол бўлдим. Айниқса, оддий тахтага «тил киргизган» самарқандлик ёғоч ўймакорининг иши, санъати ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Уста билан суҳбатлашиб, унинг ўзи каби ўнлаб шогирди борлиги мени янада қувонтирди. Демак, Ўзбекистонда ҳунармандчилик ривожланади, «Уста-шогирд» мактабларининг ташкил этилгани эса бу кўҳна санъатнинг умри боқийлигини кўрсатади.