Сўзи ўлмас бахши ёхуд ўзбек фольклорининг Навоийси - Эргаш Жуманбулбул ўғли ҳақида сўз
Қўшработнинг одамлари танти ва меҳнаткаш, шунинг учун ҳам дастурхонидан барака аримайди. Бу элнинг яхшиси кўп, ўз даврида машҳур бўлиб ўтган сўз устаси - бахшиси кўп. Уларнинг пиру пешвоси Эргаш Жуманбулбул ўғли бўлиб, бу нодир сиймонинг ҳали ўрганилмаган жиҳатлари анча-мунча.
У Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таърифидаги “Ўзбек адабиётининг Навоийси - Алишер Навоий, ўзбек фольклорининг Навоийси - Эргаш Жуманбулбул ўғли”дир.
Эргаш Жуманбулбул ўғлининг ўзи қайд этган шажараларига кўра, авлодлари хат-саводли мулла, маърифатли инсонлар эканлиги англашилади ва шу баробарида бахшичиликдан ва ҳунармандликдан насибадор эканликларига ҳам ишора этилади. Шу мазмунда ота-боболари йўлига содиқ бўлсин, ортларидан эргашиб юрсин, дея нек ният ва қадим удумларга итоатда номлари Эргаш, деб аталган экан.
Мулла Эрган бахши сўзга чечанлиги ва айтувлари маънодорлиги билан ҳам яққол кўзга ташланиб туриши куйлаган достонларида аксини топган. Бу қобилият ҳам аждод мерос бўлиб, ёрқин бир мисоли бор.
Катта эналаридан бирлари Султон кампирнинг қозоқ оқини билан савол-жавоби кўп машҳур айтиладиган ва эсланадиган воқеа. Баёни шуки, Қўрғон бахшилари, хусусан, Жуманбулбулнинг шуҳратини эшитиб қозоқ оқинларидан бири Қўрғонга келибди. Бу уйдирма эмас, бўлган воқеа эканлигини фольклоршунос олим Ш.Турдимов қуйидагича баёнлайди:
- Баъзи манбаларда оқиннинг исми Мойлихўжа дейилади. ХIХ асрнинг ўрталари, айнан Жуманбулбулга замондош яшаган икки Мойлихўжа номи қозоқ фольклоршунослигида эътироф этилган. Бирлари Келес атрофида, бошқаси Қизил Ўрда тарафда яшаган. Бизнинг назаримизда, Жуманбулбул билан дўст тутинган оқин Қизил ўрдалик Мойлихўжа бўлиши мумкин. Жўғрофий нисбатдан олинса, Нурота ва Қизил Ўрда ораси анча яқин ва бу ҳудудлар ўртасида доим маданий-иқтисодий алоқалар бўлган...
Хуллас, оқин куннинг иссиғида Қўрғонга келган. Қараса, бир кекса аёл қудуқдан сув тортиб, молларнинг новини тўлдираётибди. Аёл – Султон кампир экан. Оқин саломлашиб, отини новдаги сувга қўйиб, кўнглига бир гап келиб, шу момойди тебратиб қўяй, деб Оқтовга юзланибди ва дона-дона қилиб савол ташлабди:
Сендан савол сўрайман турган зайип,
Ўси турган товларинг неча жасар?
Султон кампир бир гап бўларини ичида сезиб турганмики, камондан отилгандай, ҳаялламай жавоб қилибди:
Худойимнинг ишин кўр,
Фалакдинг гардишин кўр,
Мен билмайман жошини,
Овзин очиб, тишин кўр.
Оқин: “Бу элнинг номи чиқмаган аёли шундай чечан бўлса, элга достон Жуманбулбули қандай бўлди экан...”, деб изига қайтиб кетган экан.
Кейинчалик ўша оқин Жуманбулбул билан дўст тутиниб, боришли-келишли бўлган, дейишади. Султон кампирнинг оқинга берган жавобида, оқиннинг бу жавоб қувватини англаб, изига қайтишида улкан ҳикмат бор.
Эргаш Жуманбулбулнинг ёзишича, у ўсмирлигидан эл кезиб-юрт кезиб достон куйлайди, табиблик қилади, наққошлик билан шуғулланади.
Бу даврларда Эргаш бахши фавқулодда ноёб хотира, талант соҳиби сифатида танила бошлаган. Достонларни борлаб айтиши, оғзига келганини демасдан, аввал айтганидан кейингисини бойитиб айтиши элни бефарқ қолдирмайди. Ихлосманд ва ҳавасмандлар сони оша устоз бахшига айлана боради. Ҳусну хулқи билан эътибор топади.
Эргаш Жуманбулбул 1924-25 йилларда қишлоқ болалари бошланғич саводини чиқариш ниятида мактаб ҳам очади. Аммо 1925 йилнинг кузида Ўзбекларни ўрганиш комитетининг ташаббуси билан Самарқанд шаҳрига чақирилгач, мактаб фаолияти тўхтаб қолади.
Шундан кейин у бахшичиликка асосий эътиборини қаратади. Натижада у айтган достонлар Самарқандда фолкьлоршунос Ходи Зариф раҳбарлигида ёзиб олинади. Шу тариқа Мулло Эргаш Жуманбулбул ўғли достонлар сатрига эзгу дардларини кўчириб, ҳикмат сатрларни шоён куйлайди.
Айтардан тўхтамаган ва ҳикматли мерослари бўлган “Гўрўғли” (туғилиши ва болалиги), “Холдорхон”, “Хушкелди”, “Авазхон”, “Ҳасанхон”, “Далли”, “Равшан”, “Хиромон”, “Қундуз ва Юлдуз”, “Нурали”, “Алпомиш”, “Юсуф-Аҳмад”, “Алибек билан Болибек”, “Кунтуғмиш”, “Якка Аҳмад”, “Вомиқ-Узро”, “Қумри”, “Ошиқ Ғариб”, “Қизжибек”, “Тулумбий”, “Махтумқули” каби достонларининг ҳар бири бир мактаб. Бу достонларнинг маъно замирида ислом бор, иймон бор, руҳий тарбия бор.
Хоссатан, Эргаш бахши улуғ авлиё Аҳмад Яссавий ва бу зоти боборокатнинг тариқати йўлига маҳбуб бўлган Ҳаким ота Боқирғоний, Сўфи Оллоҳёр, Машраб, Ҳувайдо, Махтумқули каби ҳикмат ва дониш соҳибларига пайров бўлиб дўмбирасини сайратган.
Яссавия тариқатига мансубликлари достонларида ўз аксини топган. Бу ҳақиқатни англаш ва оммага англатиш шу соҳада фикру мушоҳада юритаётган замондош олимларимиз зиммасидаги муҳим вазифалардан бири. Чунки аслини аслича кўрсатиш илм кишиларига хос.
Қуйида эътиборингизга Эргаш Жуманбулбулнинг биргина достони - "Қундуз билан Юлдуз"дан олинган мисоллар билан Ҳазрат Аҳмад Яссавийнинг “Ҳикмат”ларини қиёслаш фикримиз исботи учун асқотишидан умидвормиз:
Эргаш бахшида:
(Панду насиҳат мавзусида )
Нуралижон, бир пандиёт айлайин,
Сен бўлмасанг ҳар кунда дод айлайин,
Бир паслга от жиловин тўхтатгин,
Тур, ярқиним, бир насиҳат айлайин.
Ҳазрат Аҳмад Яссавийда:
Манинг ҳикматларим нодон эшитмас,
Вале кўнгли қаро пандимни тутмас.
***
Қул Хожа Аҳмад, бу ҳикматни кимга айдинг,
Орифман деб халойиқға ўқуб ёйдинг,
Таъсир қилмас олимларға айғон пандинг,
Ориф улдур, тан мулкини вайрон қилур.
Эргаш шоирда:
(Манманликни қоралаш мавзусида )
Ўзингдан пастларман ҳар йўлга кетма,
Болам, айтган насиҳатим унутма,
Олдингдан ким чиқса саломсиз ўтма,
Бир ғарибни кўрсанг зинҳор оғритма.
***
Айтган сўзни эсингга ол, чироғим.
Зинҳор манманликнинг йўлини тутма.
Ҳазрат Аҳмад Яссавийда:
Қайда кўрсанг кўнгли синуқ, марҳам бўлғил,
Андоғ мазлум йўлда бўлса ҳамдам бўлғил.
Рўзи маҳшар дийдориға маҳрам бўлғил,
Моуманлик халойиқдин қочтим мано.
Эргаш шоирда:
(Шайтонни лаънатлаш мавзусида )
Қирғий деган қушлар бўлар қиёда,
Илоҳим давлатинг бўлгай зиёда,
Улуғ сўзлаб шайтон бўлди Азозил,
Азозилдай олим ўтмас дунёда.
Ҳазрат Аҳмад Яссавийда:
Жону дилда ҳақ зикрини айтиб мудом,
Шайтон лаин йўлларидин қочтим мано.
Ҳикматимни эшитгонга улуш берай,
Ҳикмат эштиб йиғлағонни меҳмон қилай,
Андоғ ошиқ йўлда қолса қўлин олай.
Жон берарда имон элтар, дўстларимо.
Хуллас, демоқчи бўлганимиз шулки, ўзингиз ўқиб, ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек, Эргаш Жуманбулбул ўғлига ғойибдан талант етган, ақлу идрокда даврининг пешқадами бўлган, ўтмиш салафлари долзарб билган мавзуларни баралла давом эттирган. У шундай аҳли дониш, авлиёнамо ва закий зот жумласидан бўлган.
Тақдиру қисмат бошига солган йўқотиш ва қийинчиликларга сабру бардош билан ҳам ҳайрат эшигини очган бу азиз зот узоқ йиллар ижоди замон мафкурасига мослаштириб талқин этилиб келинди. Шукрлар бўлсинки, Истиқлол неъматидан бобаҳралик эзгу армонлар бошидан сояларни аритди.
Халқимиз улуғ авлиёлар Аҳмад Яссавий Ҳаким ота Боқирғоний, Сўфи Оллоҳёр, Машраб, Ҳувайдо, Махтумқули каби ҳикмат ва дониш соҳибларига пайров бўлиб дўмбирасини сайратган мулла Эргаш шоирнинг аслиятини оммага тўлалигича етказиш фурсати аллақачон етган. Иқроримиз шуки, Эргаш шоир Қўшработни чин маънодаги маънавият тимсоли. Зеро, Эргаш Жуманбулбул ўғли дейилганда Қўшработ, Қўшработ дейилганда бу сиймо эсланади. Қолгани ўзингизга ҳавола.
Суюндик Мустафо Нуротоий,
Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси.