Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Ўт кетса, ҳўл-қуруқ қолмай ёнади"

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Исматулла Йўлдошев 1953 йил 10 майда Ургут туманида туғилган.

Тошкент давлат университети ҳуқуқшунослик факультетини тугатган.

Узоқ йиллар прокуратура органларида ишлаган.

И.Йўлдошевнинг “Ҳабиб бўлгил менга, муҳаббат”, “Бунда тонглар кашф этар ўзни”, “Армонли дунё”, “Ҳавас”, “Бир ҳовуч офтоб”, “Кўнгил ёғдуси”, “Умр девони”, “Қалб чироғи”, “Бешикдаги нур”, “Рубежи жизни”, “Умр сарҳадлари” каби ўнлаб шеърий китоблари, ҳужжатли қиссалари нашр этилган.

2007 йилда «Шарқ» нашриёт матбаа концернида шеърлар, рубоийлар, киносценарийлар, қиссалар, бадиҳа, рисола ва бадиий лавҳалари жамланган уч жилддан иборат “Танланган асарлар” китоби чоп қилинган. Асарлари асосида иккита бадиий фильм яратилган.

И.Йўлдошев 2021 йил 30 июлда да вафот этган.

Қуйидаги шоирнинг шеърларидан тўртликлар ўқийсиз.
***
Бир сўзки, тафтидан келар ҳарорат,
Бир сўзки, атридан дилда тароват.
Кўнгил ободлиги юрт ободлиги –
Ободлик тинчликка берар шаҳодат.

* * *
Баъзилар матлаби мансаб ва бойлик,
Уларга зар-зевар, олтин чиройлик.
Кимдир дийдаси тўқ, ким нафсига қул –
Кимдир зоғлик ёқар, кимдир ҳумойлик.

* * *
Ўт кетса, ҳўл-қуруқ қолмай ёнади,
Қаноат айласанг, нафсинг қонади.
Энг яхши дўстингдан хиёнат кутма –
У аввал сотади, кейин тонади.

* * *
Аҳмоқнинг бўлмайди аниқ нишони,
Шаккоклик қилмагин зинҳор ишониб.
Қулоққа «тепади» лақмани топса –
Жоҳилга чиқарар аҳли пешвони.

* * *
Деворда бўлмаса эди гар қулоқ,
Ҳар айтган каломинг бўлмасди улоқ.
Деворга гапирдик, садо чиқмади –
Лекин мен гунг бўлдим, сен бўлдинг чўлоқ.