Пангат отларининг довруғи қани?
Пангат – тоғлар орасида яширинган мўъжизавий қишлоқ. Унинг мусаффо булоқлари, шарқироқ сойлари, жилғалари ва бир-биридан гўзал боғларини кўрган киши бир умр унга мафтун бўлиб қолади.
Шунинг учун ҳам бу маскан ”Пангат - ердаги жаннат,” деб таърифланади. Унинг бетакрор табиати, одамларининг жўмард ва меҳмондўстлиги ҳақида кўп ва хўп ёзилган. Бу гал эса биз бу ҳақда эмас, балки қадим-қадимдан, ҳатто яқин ўтмишда ҳам машҳур бўлган Пангат отлари тўғрисида мулоҳаза юритмоқчимиз.
Ҳа, Пангат отлари азал-азалдан довруғдор бўлган. Машҳур достончи, бахши бобомиз Эргаш Жуманбулбул ўғли ”От чопса, гумбирлар тоғлар дараси”, дея дўмбирасини сайратганда, айнан шу – кенг ўмровли, ҳар туёғи дўппидек келадиган Пангат отларини назарда тутган бўлса, ажаб эмас. Чунки бахши бобомиз бу гўшадан унча узоқ бўлмаган Қўрғон қишлоғида яшаган ва тулпорларни кўрган. Табиийки, улар шунчаки улов эмас, балки тоғлар бағрида шаклланган сабр, матонат ва эркинлик тимсоли сифатида бахши бобомизга жўшқин илҳом бағишлаган.
– Йилқичиликка ихтисослашган “Пангат” наслчилик хўжалигида 1500 бошга яқин от бор эди, - деб эслайди шу хўжаликда узоқ йиллар йилқибоқар бўлиб ишлаган Ўроқбой Сирлибоев. – Юзлаб уюрлар Нурота тизмаларининг Устук тоғларидан то Бешбармоқ чўққиларига қадар ястанган кенгликларда ёйилиб юрарди. Афсуски, ўтган асрнинг 93-йили охирида бошланган хусусийлаштириш жараёнларининг нотўғри амалга оширилиши, боз устига, табиий офатлар юз бериши, озуқа базасининг ночорлиги йилқиларнинг кўп қисми нобуд бўлиши ҳамда талон-торож қилинишига, хўжаликнинг эса касод бўлишига олиб келди...
Қадим замонларданоқ от инсоннинг энг яқин ҳамроҳи бўлган. У қишнинг қаҳратонига ҳам, ёзнинг жазирамасига ҳам бардош бера олади, энг қалтис тик қоялардан ҳам мардона ўта олади. Бунга Нурота тоғларининг энг баланд нуқтаси – Ҳаёт чўққисига чиқаётганимда шахсан ўзим ҳам гувоҳ бўлганман.
Тоғ сўқмоқлари бўйлаб Можурим дараси устидан ўтаётганимизда вазият шу қадар қалтис тус олдики, чап тарафга қарасанг тик қоя, ўнг тараф тубсиз жарлик, бамисоли киприкдаги ёшдек титраб борардик. Шу пайт мен минган отнинг бир оёғи тойиб, мункиди. Қўрқувдан юрагим ортга тортиб, эсхонам учиб кетди. Буни пайқаган йўлдошим тоғбеги Пардабой аканинг:
– Меҳмон, қўрқманг, отнинг оёғи тўртта, бири тойса, учтаса ушлаб қолади, – деб таскин берганидан ҳушимга келдим. Яна бироз юргандан сўнг бундан-да баттар қалтис вазиятга дуч келдик.
– Энди отларнинг жиловини бўш қўйинглар, – деб маслаҳат берди йўлбошловчимиз. – Эгарни маҳкам ушласангиз бас, бу ёғига отларнинг ўзи олиб чиқади...
Тик қоятошдан отлар тасир-тусур қилиб кўтарилди. Бундай қарасам, худди булутнинг устида юргандекман, худо кўрсатмасин, тойиб кетсанг борми, парашютсиз тубсиз жарликка шўнғиб кетиш ҳеч гап эмасди.
Айтишларича, отлар фақат чавандозлар қўлида эмас, уларнинг қалбида ҳам яшар экан. От билан инсон ўртасидаги боғлиқлик моддий эҳтиёждан эмас, руҳий уйғунликдан туғилган, десак хато эмас.
Тарихга назар солсак, ҳар бир юртнинг қудрати унинг отларида ҳам намоён бўлганини кўрамиз. Пангат отлари ҳам ўз даврида турли мусобақа ва кўпкариларда ном чиқарган. Улар тезлиги билан шамолни ортда қолдирган, чидамлилиги билан эса чавандозга вафо кўрсатган, ҳеч қачон панд бермаган. Шу маънода, Пангат оти ишонч деган тушунчанинг жонли ифодасига айланган.
Бугунги кунда Пангатда йилқи уюрлари қолмаган. Фақат баъзи хонадонларда, ашаддий от ишқибозлари қўлида учрайди, холос. Бироқ қадимий Пангат отлари хотираларда, қўшиқларда, бахшилар достонида улар ҳали ҳам шамолдай елиб учмоқда. Дарвоқе, агар миллат ўз отини унутса, ўз йўлини ҳам унутади, дейишади. Демак, Пангат отларини эслаш – бу ўтмишга қайтиш эмас, балки келажакка илдиз билан боғланишдир.
Шундай экан, Пангат отларини асраб қолиш ва кўпайтириш, довруғини қайта тиклаш шунчаки чорвачилик масаласи эмас, балки маънавий бурч, тарих олдидаги масъулият ҳамдир. Чунки ҳар бир маҳаллий от зоти ўша юртнинг табиати, турмуш тарзи ва руҳияти маҳсули ҳисобланади. Пангат отлари йўқолса, тоғлар бағрида асрлар давомида шаклланган ноёб ирсий хазина ҳам йўқолади.
– Аввало, бу отларнинг насл тозалигини сақлаш муҳим. Тасодифий чатиштириш эмас, балки илмий асосда маҳаллий шароитни ҳисобга олган ҳолда кўпайтириш ишлари йўлга қўйилиши керак, – дейди 1990 йилларда йилқичилик хўжалигида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган, айни пайтда Қўшработ тумани Фермерлар кенгаши раиси Эркин Сулаймонов. – Бу борада кексаларнинг тажрибаси, отбоқарлар билимлари ва замонавий ветеринария ютуқлари уйғунлашса, самара юқори бўлади.
Шунингдек, Пангат отларига нисбатан ёшларда қизиқишни уйғотиш лозим. От фақат ўтмиш тимсоли эмас, у тарбия воситаси ҳамдир. От миниш, уни парваришлаш, ёш авлодни сабр-тоқатга, масъулиятга, табиатга меҳр қўйишга ўргатади. Агар бола от билан улғайса, у ерга ҳам, элга ҳам бефарқ бўлмайди...
Бу мулоҳазаларга қўшимча тарзда айтиш керакки, Пангат отларини миллий бренд сифатида тарғиб этиш мумкин. Туризм, этнофестиваллар, кўпкари ва миллий ўйинлар орқали бу зотни яна халқ орасига қайтариш зарур. Чунки қадрланмаган нарса асралмайди.
Энг муҳими, Пангат отларини асраш, унинг довруғини тиклаш фақат айрим одамларнинг эмас, жамоатчиликнинг умумий ишига айланиши керак. Давлат қўллаб-қувватлаши, маҳаллий ташаббуслар ва эл ичидаги меҳр уйғунлашсагина шамолдай учқур Пангат отлари яна тоғлар бағрида кишнаб юради.
Норбобо Шакаров,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.