Маҳалла ёшларига Президент совғаси берилди
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказиладиган мусобақалар учун вилоятдаги 1081 та маҳаллага 8 мингдан ортиқ Президент совғаси — тўрт турдаги спорт жиҳозлари топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят спорт ҳамда ёшлар ишлари бошқармалари масъуллари, спорт мактаблари тренерлари, маҳаллаларда фаолият олиб бораётган ёшлар етакчилари иштирок этди.
Тадбирда жорий йилги “Беш ташаббус олимпиадаси” мавсумларида самарқандлик ёшлар республикада пешқадам эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, ушбу олимпиада ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ҳамда иқтидорли ёшларни аниқлаб, уларни терма жамоалар сафига тайёрлашда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
— 360 дан зиёд спорт жиҳозларини қабул қилиб олдик, — дейди Иштихон тумани спорт мактаби директори ўринбосари Зоҳид Арзиқулов. — Бундай эътибор ёшларни оммавий спортга кенг жалб этиш, иқтидорли ёшларни кашф қилиш ва келгуси мусобақаларга тайёргарлик кўришга хизмат қилади. Айни пайтда спорт мактабимизда спортнинг 22 тури бўйича 2200 нафардан ортиқ ўғил-қизлар шуғулланиб келмоқда. Эътиборлиси, спортчиларимиздан 18 нафари Ўзбекистон миллий терма жамоасининг асосий таркибига, 20 нафардан зиёди эса захира таркибига қабул қилинган.
Мазкур спорт жиҳозлари маҳаллаларда ўтказиладиган мусобақалар сифатини ошириш, ёшларнинг келгусида халқаро ареналарда юртимиз байроғини баланд кўтарадиган иқтидорли спортчиларни етиштиришга хизмат қилади.