Урушнинг маълум ва номаълум саҳифалари
Миллионлаб кишиларнинг ёстиғини қуритган Иккинчи жаҳон уруши барча халқларнинг, хусусан, ўзбек халқининг ўтмишида қонли бир хотира бўлиб қолди.
Уруш майдонларида душманга қарши мардонавор жанг қилган қаҳрамонларнинг номлари авлодлар қалбида мангу яшайди. Аммо улар орасида тақдири номаълум бўлган минглаб қаҳрамонлар ҳам бор.
Иккинчи жаҳон уруши мавзусида бир нечта тарихий китоблар муаллифи Ғайбиддин Фазлийнинг “Урушнинг маълум ва номаълум саҳифалари” асарининг иккинчи китоби нашр этилди. Китобдан урушда жасорат кўрсатган, аммо номаълум сабаблар билан номи қаҳрамонлар қаторида тилга олинмаган юртдошларимиз ҳақидаги маълумотлар ўрин олган.
Тадқиқотчи бир неча йиллар давомида собиқ СССР Мудофаа вазирлигининг марказий архивида бўлиб, ҳар бир маълумотни синчковлик билан ўрганган. Китобда келтирилган маълумотларнинг аксариятига архив ҳужжатлари асос бўлганлиги учун уруш қаҳрамонларининг маълум бир жасоратлари ҳақидаги воқеалар батафсил ва ишончли маълумотлар асосида ёритилган. Китобнинг катта қисмидан “Шарқлик ўн бир қаҳрамон” тепалиги баҳодирларига бағишланган мақола ўрин эгаллайди.
1942 йилнинг сентябр ойида Клетская станциясида 115,2 белгили тепалик учун аёвсиз жанглар кечади. Олти соатдан ортиқ давом этган шиддатли жангдан кейин тепаликка взводнинг қирқ жангчисидан фақат ўн икки киши етиб келади. Улардан бири маълумот етказиш учун штабга жўнатилади. Ўн бир жангчи ҳали ўзини ўнгламасдан туриб, душманнинг 300 нафар автоматчи аскар ва офицерларига дуч келади ва уларга қарши шиддатли жангга киради...
Мана шу жангчилар шарафига ушбу тепалик “Шарқлик ўн бир қаҳрамон” номини олади. Улардан саккиз нафари ўзбекистонлик эди.
Ушбу асар шу каби қимматли маълумотлар асосида Иккинчи жаҳон уруши ҳақидаги тасаввуримизни кенгайтиради, кўз ўнгимизда аждодларимизнинг қаҳрамонликларини янада рўй-рост ифодалайди.
***
Тарих - инсониятнинг буюк хотираси
Юртимизда бой тарихи билан машҳур манзиллар кўп. Нуробод тумани ҳам ана шундай қадимий манзиллардан бири.
Хусусан, Сазағон, Тепақул, Жом, Тим, Арғон ва Қўрғонча қишлоқларидан топилган археологик топилмалар – қадимий қўрғон ва қалъалар қолдиқ излари, тош ва темир қуроллар, уй-рўзғор буюмлари, қадимий тангалар, қоятош расмлари бу ҳудудда қадимий яшаш манзилларининг ўрнини кўрсатади. Ноёб архитектура ва маданий мерос намуналари – Тим қишлоғидаги Араб ота мақбараси, Оқ масжид, Саҳро қишлоғидаги Остонабобо меъморий ёдгорликлар Бухородаги XI асрга оид Сомонийлар мақбараси билан тарихий бир даврни ўзида намоён этади.
Ушбу қимматли маълумотлар “Нуробод – қадимий маскан” номли монография-тўпламда батафсил баён қилинган. Тадқиқотчи Холмурод Сориев ғояси асосида нашр этилган монографиядан Самарқанд археология институти, Самарқанд давлат университети археология кафедраси, “Ипак йўли” халқаро тадқиқот институти, Самарқанд чет тиллар институти ҳамда Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети Сержантлар тайёрлаш олий мактаби тадқиқотчиларининг Нуробод тумани тарихига оид илмий-таҳлилий мақолалари ўрин олган.
Сулаймон Мардиев.