Йўл-патруль хизмати ходимига бўйсунмай, уни судраб кетган ҳайдовчи ушланди
2020 йил 22 январь куни “Samarqandliklar” телеграм каналида ички ишлар органи ходимига бўйсунмай, транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчининг ножўя хатти-ҳаракати акс этган видеолавҳа тарқалди.
Ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борди. Аниқланишича, 22 январь куни соат 14.00 ларда вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳамда вилоят транспорт бошқармалари томонидан тасдиқланган 11/3-110-сонли тақсимотга асосан вилоят ҳудудида ноқонуний йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган ҳайдовчиларни аниқлаш мақсадида йўл-патруль ходими, сафдор О.Ғоибов Самарқанд шаҳар Буюк Ипак йўли кўчасида вилоят транспорт бошқармаси инспектори З.Ярқулов билан бирга хизмат олиб борган. Иш жараёнида “Дамас” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси Самарқанд шаҳар Нарпай кўчасидан ҳаракатланиб келиб, Буюк Ипак йўли кўчасига бурилиб тўхтаган. Ҳайдовчи йўловчиларни тушираётган вақтида О.Ғоибов жезл ёрдамида тўхташ ишорасини берган. Аммо «Дамас» ҳайдовчиси транспорт воситасини ички томондан қулфлаб олиб, машинани орқа томонга ҳаракатлантирган. О.Ғоибов ундан транспорт воситасидан тушиш ва бошқарув ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилган. Бу талабга бўйсунмаган ҳайдовчи транспорт воситасини ҳаракатлантириб, ходимни йўлнинг сирпанчиқ қисми орқали судраб бориб Самарқанд шаҳар Нарпай кўчаси йўналишида бошқариб кетган.
Олиб борилган тезкор суриштирув ҳаракатлари жараёнида мазкур автоулов 30 Q 690 OA давлат рақамли “Дамас” русумли транспорт воситаси бўлиб, Самарқанд тумани Туркман қишлоғида яшовчи фуқаро О.Х.га тегишли эканлиги маълум бўлди. Ушбу транспорт воситасини унинг ўғли, Самарқанд тумани Туркман маҳалласида яшовчи А.Б. бошқарган. Суриштирув натижаларидан сўнг унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси, 128(4)-моддаси 2-қисми, 135-моддаси 2-қисми ва 194-моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди.
Шунингдек, фуқаро А.Б. томонидан ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, унинг фаолият олиб боришига фаол қаршилик кўрсатганлиги ҳолатига ҳуқуқий баҳо бериш учун унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194, 195-моддалари тартибида тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқилиб, қонуний ҳал қилиш учун Самарқанд шаҳар маъмурий судига юборилди.
Мазкур маъмурий иш суд томонидан кўриб чиқилиши натижалари бўйича қўшимча ахборот берилади.
Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати.