Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Россия империяси даврида Самарқанд (3-мақола)

Волостдаги бошқарув сайланганларнинг волость қурултойидан иборат эди. Волость бошқарувчиси сайловлари икки даражали бўлиб, дастлаб қишлоқ йиғини тўпланиб, унда 50 уй номидан битта вакил сайланган. Сўнг қишлоқ йиғинларидан сайланган вакиллар рус маъмурлари иштирокида ўтувчи волость қурултойига тўпланардилар.

Рус маъмурларидан уезд бошлиғи ёки унинг ёрдамчиси иштирок этиб, тартибни назорат қилганлар. Сайлов яширин овоз бериш йўли билан ўтказилиб, овозлар қутига ташланган, соққалар воситасида аниқланган. Элликбошилар бирма-бир туманбоши олдида турган усти ёпиқ кутига яқинлашиб, секингина ўзлари истаган номзоднинг исм-шарифларини айтишган ва тақсимчадаги соққани қутига ташлашган. Бу маросим барчанинг кўз олдида очиқ бўлган ва унинг якунида ким кўп овоз олгани эълон қилинган. Овоз бериш натижалари қоғозда барча элликбошиларнинг тамғаси ва имзоси билан муҳрланиб, уезд бошлиғи ёки унинг ёрдамчиси томонидан тасдиқланган. Сайлов арафасида уезд бошлиғи ёки унинг ёрдамчиси рўйхат бўйича элликбошиларнинг сонини аниқлаган. Қурултойда сайланган вакиллар сони 2/3 қисмини ташкил этмаса, волость қурултойи бекор қилинган.

Волость қурултойига волость бошқарувчиси, халқ судьялари ва уларга номзодларни сайлаш, қуйи маъмуриятларнинг мансабдор шахсларига маош белгилаш, кўприклар, йўллар, хўжалик қурилмаларининг ҳолатини назорат қилиш, сувдан фойдаланиш ва сув таъминоти ишларини бошқариш ҳуқуқи берилган эди.

Волость қурултойи икки номзодни сайлаган, бири волость бошқарувчиси, иккинчиси унга номзод бўлган. Ҳарбий губернатор қурултойдаги сайлов натижасини кўриб чиқиб, номзодларни тасдиқлаган. У тасдиқламаган тақдирда, қайта чақирилган ёки лавозимга тўғридан-тўғри губернатор танлаган шахс қўшилган. Волость қурултойи волость бошқарувчисига маош белгилаган. Унинг миқдори одатда 300 сўмдан 500 сўмгача бўлган.

Қишлоқ оқсоқоллари, номзодлари ва оқсоқол ёрдамчилари қишлоқ жамоаси томонидан бевосита волость бошқарувчиси иштирокида сайланган.

Уларни лавозимга уезд бошлиғи тасдиклаган. Қишлоқ жамоаси йиғини уларга йилига 200 сўмдан маош белгилаган. Йиғин ариқларга қаровчи миробларни ҳам сайлаб, уларга маош тайинлаган. Катта ариқларни тўғридан-тўғри ҳарбий губернатор томонидан тайинланадиган ариқ оқсоқоллари бошқариб, улар ирригация мудирига итоат қилишган.

Волость бошқарувчилари, қишлоқ оқсоқоллари ва уларнинг ёрдамчилари 25 ёшдан кичик бўлмаслиги, судланган, хизматдан бўшаган, лавозимидан четлатилган киши бўлмаслиги шарт бўлган.

Рус маъмуриятининг аҳолига «ўзини-ўзи бошқариш» ва «сайлов ҳуқуқини бериши» ғирт сиёсий лўттибозликдан иборат бўлиб, аслида ишнинг тизгини уларнинг қўлида қолган. Яъни, волость ва қишлоқ даражасидаги бошқарувни ташкил этиш гўё маҳаллий жамият ихтиёрига бериш йўли билан уларни овунтиришни кўзлаган ва лекин бошқарув назорати чор ҳукуматининг диққат-эътиборида бўлган.

Чор ҳукумати кадрлар сиёсатига ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиб иш тутган. Хусусан, агар волость бошқарувчиси шахсий бирон бир сабабга кўра, рус маъмуриятини қаноатлантирмаса, вилоят ҳарбий губернатори янги сайлов тайинлаши ёки бошқарувни ўз ихтиёрига асосан бошқа одам билан алмаштириши мумкин эди. Шунингдек, чор ҳукумати учун маҳаллий маъмурият, энг аввало, солиқ ва йиғимларнинг муваффақиятли ва ўз вақтида тўпланишига катта ёрдам берган. Шунинг учун К.П.Кауфман бу янги ташкилотларнинг чоризм олдидаги муҳим ролини қайд этиб, шундай дейди: «Маҳаллий халқ бошқарувисиз на йиғимларнинг келиб тушишига, на янги очилган муассасаларнинг тўғри фаолият юритишига умид қилиб бўларди».

Туркистонни мустамлакача бошқариш тизимида полиция муҳим роль ўйнади. У мунтазам армия сингари, самодержавия қуроли, унинг Самарқанддаги манфаатларининг таянчи ва ҳимоячиси ҳисобланарди. Ана шу полиция тизимига суянган подшо ҳукумати Туркистон ўлкаси идорасини энг қуйи бўғинидан олий бўғинигача ўз қўлида тутган. Вилоят ҳарбий губернатори, туманбошилар, участка приставлари ҳам, полиция приставлари ҳам полиция генераллари ва зобитлари ваколатларига эга бўлган.

Шаҳарларда полицмейстр лавозими жорий этилиб, уларнинг ҳуқуқи уезд бошлиқлари ҳуқуқи билан тенглаштирилди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида полиция назорати, шаҳарнинг рус ва маҳаллий қисмларида алоҳида полиция бошқаруви назорати ўрнатилди. Полиция бошқаруви ҳар бир қисмлар учун полицмейстр, полиция приставлари ва бошқа штатлар бўйича амалдорларга бўлинган. Шаҳардаги полиция назоратчиси мансабини рус миллатига мансаб шахс бажарган. Самарқанд шаҳри полицмейстри маҳаллий аҳолини бошқарув тартибига мос ҳолда жазога тортишда уезд бошлиғи билан бир қаторда турган.

Кичкина қилмиши ва гапга кирмаганлиги учун ҳам туб аҳоли вакиллари жарима ёки бир ойлик ҳибсга тортилган. Айниқса, маҳаллий аҳоли яшайдиган қисмларда миршаблик ҳолати кучайтирилган эди. Масалан, шаҳарнинг рус қисми учун приставдан ташқари 37 миршаб ва 120 та қоровул ёлланган бўлса, маҳаллий аҳоли қисми учун битта приставдан ташқари 65 та миршаб ва аҳоли даромадига биноан 165 та қоровул ёлланган.

Ҳатто полиция хизмати учун харажатлар ҳам оширилган. Қуйида шаҳар полицияси учун 1908 йилда сарфланган харажатлар миқдори кўрсатилган:

2.4-жадвал.

Шаҳар харажатларининг 1908  иилдаги умумий суммаси

Полицияга кетадиган шаҳар харажати миқдори

Шаҳар харажатларидан полиция учун кетадиган умумий фоиз

557.052 м

38.778 м

6,9%

Полицмейстр лавозими учун давлат хазинасидан унинг сафарлари билан биргаликда 1800 рубль маош тайинланган. Шунингдек, полиция бошқарувидаги штатлар ҳам разрядларга бўлинган эди.

Уезд полициясига ҳам «жамоат ўз-ўзини бошқаруви»дан сайланган шахслар тайинланиб, улар полиция талабларини сўзсиз бажарибгина қолмай, ўзлари ҳам тартиб сақлаш бўйича мустақил равишда бирламчи чоралар кўришлари лозим бўлган. У ёки бу жазони белгилашда мустамлака маъмурияти амалдорлари жуда кўп ҳолларда ҳуқуқ доирасидан четга чиқардилар. Жазога тортиш имконияти жуда кенг талқин қилинарди: «гапга кирмаганлиги учун», «қўполлик қилгани учун», «ҳурматсизлик қилганлиги учун», «буйруқни бажармагани учун» ва ҳоказо.

Полиция амалдорлари ва ваколатларига эга маъмурлар ўз ихтиёрларига кўра, фойда ва манфаатларидан келиб чиқиб, ҳар қандай жазолашни қўллай оларди. Яъни, улар дастлабки терговни амалга оширардилар. Бунга биноан, судланувчининг ўз иқрори расмий далил ҳисобланиб, қолган барча далиллар кўмакчи хусусиятга эга эди. Полиция амалдорлари уларнинг иқрорини «суғуриб олиш учун» ҳеч нарсадан тап тортмасди. Дастлабки, тергов жараёнидаги қийноқ ва калтаклашларга чидолмай, ҳатто, айбсизлар ҳам қўйилган айбларга иқрор бўларди.

Бу давр архив ҳужжатларида полиция амалдорларининг ўз мансабларини суистеъмол қилиб, манфаатлари йўлида аҳолини ноҳақ жазолаганликлари тўғрисида кўплаб маълумотлар учрайди. Мисол учун, қуйи мансабдаги Яков Толмачев кундуз куни кўчада савдо халтасини кўтариб юрган оддий фуқарони тўхтатади ва ундан савдогарлик гувоҳномасини сўраб, уни тинтиб кўришни буюради. Фуқаро ёнидан занжирли соат ва 40 тийин топилгач, буларни тортиб олади. Ўзини, агар норозилик билдирадиган бўлса, қамаб қўйиш шарти билан қўйиб юборади.

Чор маъмурияти томонидан танлаб қўйилган бундай кадрлар ва уларнинг аҳолига нисбатан амалга оширган зўравонликлари, фақат зўравонликка асосланган мустамлакачилик сиёсати юритилганидан далолатдир.

Чор ҳукумати адлия бошқарувидаги сиёсатида ҳам орган ва кадрларни ташкил этишда мустамлакачилик мезонида иш юритди. 1867-1886 йиллар мобайнида Самарқандда умумсалтанат рус судлари ва ҳалқ судлари, яъни шариат асосида иш кўрувчи қозилар фаолият кўрсатди.

Рус судларига туман судлари, суд палатаси ҳуқуқидаги вилоят бошқармалари, мировой судьялар курултойлари, ҳарбий суд комиссиялари кирган. Туман судьялари мулкдан маҳрум этишга дахлдор бўлмаган жиноий ишлар, давлат хазинаси манфаатларига оид бўлмаган 2000 сўмгача миқдорда бўлган даъволарни кўрган. Вилоятлар бошқармалари эса туман судлари ҳукмларидан шикоятлар, қайта кўриш каби масалаларни ҳал қилган. Давлат вазифаларини бажаришдаги жиноятлар, ҳокимиятга қаршилик кўрсатиш, қароқчилик, давлат мулкини ўғирлаш, сохта пул ясовчиларнинг ишлари каби туман судлари ваколатларига кирмаган ишларни ҳам кўришган.

1886 йилда тасдиқланган «Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақидаги Низом» мавжуд суд тартибини сақлаб қолган ҳолда унга айрим ўзгартиришлар киритди. Уезд судлари бекор қилиниб, уларнинг ўрнига мировой (муроса) судлари жорий этилди. Шунингдек, вилоят судлари ташкил қилиниб, уларга мировой судьялар вазифалари юкланди. Вилоят суди аввалги вилоят ихтиёрида бўлган ваколатларни олди ва муроса судлари ҳал этувчи масалаларни кўриш ҳуқуқига ҳам эга бўлди. Уларнинг қошида суд терговчиси, вилоят прокурори ва унинг ўриндоши каби лавозимлар жорий қилинди. «Низом» тўлиқ равишда суднинг ҳокимиятдан мустақил бўлишини қонунлаштирган бўлса ҳам амалда у бутун бир ҳокимиятни ўз қўлида тутган ҳарбий маъмуриятнинг кучли таъсирида қолаверди.

Империя судларида рус ҳокимиятига бевосита ва билвосита қарши фаолият олиб борган маҳаллий аҳоли вакиллари ишлари кўрилган. Русларга қарши жиноят қилган ўзбеклар ёки руслар билан бирга ноқонуний ишга қўл урган ўзбекларни шу судлар жазолаган. Рус қишлоғи, шаҳар қисми ва умуман руслар истиқомат қилиб турган ерларда жиноят қилган ўзбеклар империя судида жавобгарликка тортилган. Турли миллатларга мансуб кишиларнинг жиноятлари ҳам рус судида кўрилган.

Барча маҳаллий аҳоли Россия империясининг умумий қонунларига бўйсундирилган. Улар қуйида кўрсатилган жиноятлар асосида жавобгарликка тортилган:

1) Христианлик эътиқодига қарши; 2) давлатга қарши; 3) бошқарув тартибига қарши; 4) давлат ва жамоат хизматига қарши; 5) давлат ва умумхалқ қароридаги мажбуриятларга қарши; 6) мол мулк ва ғазна даромадига; 7) жамоат ободончилигига: а) карантин уставини бузганликда ва б) ёппасига ва юқумли касалликларга қарши қарорни бузганликда ҳамда в) ҳайвонлардаги юқумли ва бошқа касалликларни, хом гўшт маҳсулотларини зарарсизлантириш ҳақидаги огоҳлантириш бўйича ветеринар-полиция чораларини бузиш; 8) жамоат тинчлиги ва тартибига қарши: а) ёвуз ниятли гуруҳлар ва бошпаналар тузганликда; б) ёлғон маълумот, империя ишларида ва қонун бўйича суд қилинганда ёлғон гувоҳлик; г) телеграф ва йўлларни бузиш; 9) қонун ҳолатларига қарши; 10) ҳаёт, соғлиғи, эркинлик ва ор-номусга қарши; а) ўлдириш; б) бировга шикаст етказганлик натижасидаги ўлим; в) зўрлаш; г) ноқонуний тутиб турмоқ ва қамаш; 11) мулкка қарши; а) бировнинг кўчмас мулкига зўрлик билан эга чиқиш чегара ораси ва белгиларни йўқ қилиш; б) бировнинг мулкини ёндириш ва йўқ қилиш; в) мулкни талаш ва ўғирлаш; г) ғазна мулкини ўғирлаш ва рус ҳужжатларини қалбакилаштириш, (1886 йил 1 июн. Ст.141) кабилар шулар жумласидандир.

Юқорида кўрсатилган империя қонунларини бузган маҳаллий аҳолидан ташқари, яъни рус ва турли миллатга мансуб барча туб аҳоли, балки уларнинг алоҳида судлари бўлса ҳам умумий асосда суд қарорига бўйсунган. Шунингдек, туб аҳолининг рус ёки қозихонада судланиши 1886 йилги Низомга кўра қуйидагича белгиланган:

1. Айбланувчининг у ёки бу миллат - элатга мансублигига қараб.

2. Содир этилган жиноят турига кўра.

З. Жиноят содир этилган ҳудудга кўра.

4. Жиноят кимга қарши қаратилганига кўра.

Худди ана шу белгиларга кўра жазо белгиланган ва жиноят расман шариат ёки Россия империяси жиноий қонунларига кўра тайинланиши белгилаб қўйилган.

Шокир ҒАФФОРОВ,

тарих фанлари доктори, профессор.

 (Давоми бор).