Битта дарахт қурисаям, масъуллар жавоб беради

Вилоят ҳокимининг йиғилишда айтган бу гапи кўпчиликни "уйғотиб" юборди.

Маълумотларга кўра, вилоятда баҳор мавсумида белгиланганидан кўпроқ дарахт ва бута кўчатлари экилган. Бироқ қаровсизлик оқибатида уларнинг аксарияти қурий бошлаган.

- Вилоят раҳбари жойлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ўрганиб юрганида бу ҳолатга эътибор қаратди, - дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилшод Хушвақов. - Бунда биричи навбатда Самарқанд давлат университети ҳамда агроинновациялар ва тадқиқотлар институти олимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳ Самарқанд шаҳридаги ҳар бир дарахт ва буталарнинг қуриш сабабларини ўрганиб чиқди.

Шу ўринда қайд этиш лозим, ижтимоий тармоқларда  дарахт ва буталарнинг қуришига ҳар ким ўз назариясини илгари суриб келмоқда. Факт шуки, айрим ўринларда сувсизлик бу муаммога сабаб бўлаётгани рост. Аммо баъзи жойларда сувни хўжасизларча қуйилаётгани ҳам илдиз чириш касаллигини келтириб чиқариб, дарахт ва буталарни нобуд қилмоқда.

"Яшил макон" доирасида ишларга раҳна солаётган учинчи сабаб, бу - турли касаллик ва зараркунандалар.

Албатта, биринчи ҳамда иккинчи сабабни мутасаддиларнинг масъулиятини ошириб ҳал қилиш мумкин. Аммо касалланган ва зараркунандалар туфайли қуриётган дарахт ва буталарни асраб қолиш учун катта миқдорда маблағ керак бўлади.

Вилоят раҳбари маҳаллий бюджетдан бу масалани ҳал қилиб бергач, ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси мутахассислари ишга киришиб кетди.

Улар томонидан Самарқанд шаҳридаги ҳар бир дарахт ва бутага ишлов бериб чиқилмоқда.

Кузатишлар шуни кўрсатдики, дори воситалари билан берилган ишлов бунда етарли эмас. Шунинг учун ўтган ҳафта кучли босимдаги сув билан ювиш ишлари амалга оширилди.

Албатта, кечаси амалга оширилган бу юмушларга ўт ўчириш машиналари ҳам жалб қилинди.

Айтиш мумкинки, шахсан вилоят ҳокимининг назорати ва бевосита ташаббуси билан амалга оширилаётган юмушларда танаффус бўлмайди. Шу мақсадда айни кунларда дарахт ва буталарни томиридан озиқлантириш ишларига киришилган.