«Осмондан тушган» дарахтлар
Сайёрамизда 60 000 дан ортиқ турдаги дарахтлар ўсади. Улар орасида гўё бу дунёдан ташқарида “етиштирилган” жуда кўп ноёб намуналар мавжуд: митти ҳамда узоқ умр кўрадиган, тиканли, лекин момиқ пахта берадиган дарахтлар, улкан қалинликдаги ўсимликлар, танасида ғалати паразитлар сақлайдиган гуллар...
Гвиана курупитаси ёки “тўп дарахти”
Мабодо Жанубий Америка ёки Осиё ўрмонларида бўлсангиз, нафақат оёқ остига, балки тепага ҳам қараб қўйинг. Чунки тўсатдан бошингизга “тўп” тушиши мумкин. Буни одамлар Гвиана курупитасининг оғир мевалари деб аташади. Гуллаш даврида дарахтда катта сарғиш-пушти гуллар яшнаб, ширин хушбўй таратиб, одамни маст қилади. Қизиғи, унинг гуллари кўршапалаклар томонидан чангланади.
Илдизяланг сократея ёки “юрар пальма”
Бу пальма дарахти ўз номини ташқи томонга қараб ўсадиган ва оёқларга ўхшаш ноёб узун илдизлари туфайли олган. Уларнинг тузилиши маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар орасида дарахтнинг ҳаракатланиш қобилияти ҳақида кўплаб афсоналарни келтириб чиқарди. Баъзи олимлар тахтасимон илдизларни пальманинг сув босган тупроқ ва ботқоқли ҳудудларга мослаша олиши билан изоҳлайди.
Конфет дарахти
Ушбу дарахтнинг расмий номланиши ҳар қандай ширинликхўр боланинг орзуси каби жаранглайди. Конфет дарахтининг хушбўй ширали мевабандларида кўп миқдорда шакар бор, у нордон майиз каби таъмга эга. Поялари хом шаклда истеъмол қилинади. Шунингдек, улар ширинликлар ва дори-дармонлар тайёрлаш учун, ёғочи эса мебель ишлаб чиқаришда ишлатилади.
Равенала ёки «саёҳатчилар дарахти»
Ўсимлик бекордан бундай номга эга эмас. Гап шундаки, пояларининг қобиғида фавқулодда вазиятларда фойдаланиш мумкин бўлган ёмғир суви тўпланади. Шу билан бирга, катта елпиғичга ўхшаш равенала барглари шарқдан ғарбга қараб бир чизиқда ўсади. Шунинг учун саёҳатчилар улардан компаснинг бир тури сифатида фойдаланишлари мумкин.
Пахта дарахти
Бу дарахт танаси тиканлар билан қопланган. Аммо ўсимликнинг “чақирув картаси” тиканлар эмас, балки авокадо шаклини эслатувчи йирик мевалар бўлиб, ундан капок деб аталадиган юмшоқ тола олинади. Ушбу эластик ва енгил момиқ пахтани эсалатади, у юқори овоз ўтказмайдиган ва иссиқлик тежовчи хусусиятларга эга. Бунинг натижасида ундан ёстиқлар, кўрпа-тўшаклар, юмшоқ мебеллар ва бошқа нарсаларни ишлаб чиқаришда фойдаланилади.