Самарқанд шаҳрида ўсаётган асрий дарахтлар. Улар орасида тўрт минг йилгача умр кўрадиганлари бор
Икки бўлакли гинкго - Гинкго билоба
Ватани: Хитой, Япония. Гинкго икки уйли, реликт йирик дарахт. Баландлиги 40, тана диаметри 3,0-4,5 метр, 1000 йилгача яшайди. Самарқандда 1873 йилларда экилган. Ҳозир унинг асрий 2 тупи ўсиб турибди: бир тупи Самарқанд давлат университети Биокимё кампуси ҳовлисида, иккинчи тупи эса Самарқанд шаҳар ҳокимияти ҳовлисида. Ушбу дарахтлар ҳар йили уруғ беради, уруғлари яхши унади. Хитой ва Японияда маданий навлари яратилган, мевали дарахт сифатида фойдаланилади, барглари дориворлик хусусиятига эга. 20° - 25°C совуққа ҳам чидайди.
Ботқоқ сарви - Таходиум дистйчум
Ватани: Шимолий Америка, Мексика. Бўйи 40, тана айланаси 3 метргача етадиган кузда баргини тўкувчи, ажойиб манзарали реликт дарахт. Ботқоқликларда, дарё, кўл бўйларида ўсади, қозиқсимон ҳавойи ер усти илдизлар ҳосил қилади. Самарқандда 1874 йилларда экилган. Ҳозирда шаҳар Марказий истироҳат боғидаги кўл ҳудудида 5 тупи ўсиб турибди. Совуққа чидамли, - 25°С даражада ҳам деярли зарарланмайди. Самарқанд давлат университети Биокимё институти кампуси ҳовлисида 34 ёшли тупи ўсмоқда. Ниҳоятда серҳосил, ҳар йили қуббалар ҳосил қилади.
Гигант секвойядендрон, мамонт дарахти - Сеқуажадендрон гигантеум
Ватани: Шимолий Америка, Калифорния. Секвойядендрон бўйи 130-135, тана айланаси 16-20 метр, йирик, доимо яшил реликт дарахт. 4000 йилгача яшайди. Самарқандда 1872 йилда экилган. Ҳозир ягона асрий тупи Самарқанд давлат университети Биокимё институти ҳовлисида ўсмоқда, бўйи 7-8 метр, уруғ ҳосил қилмайди. 25-27 ёшли 2 тупи шаҳар кўкаламлаштириш идораси ҳовлисида ва Мирзо Улуғбек кўчалари чорраҳасида ўсиб турибди.
Ливан кедри - Седрус Либани
Ватани: Кичик Осиё – Ўрта ер денгизи бўйи ҳудуди. Баландлиги 40, тана айланаси 10-11 метргача борадиган, 3000 йилгача яшайдиган ажойиб манзарали дарахт. Ёғочи жуда қаттиқ ва қимматли қурилиш материали ҳисобланади. Самарқандда 1874 йилларда экилган. Ҳозир шаҳарда ягона асрий тупи сақланган, бўйи 18-20, тана айланаси 3 метр бўлиб, Самарқанд давлат университети бош биноси ҳовлисида ўсиб турибди. Ҳар йили ҳосил беради, уруғлари яхши унади. Биокимё институти кампусида ҳам 25-27 ёшли, 9-10 метрли тупи ўстирилмоқда. - 20° - 25 °С дан паст ҳароратга ҳам чидайди.
Юракбарг жука - Тилиа сордата
Ватани: Марказий ва Ғарбий Европа. Бўйи 22, тана йўғонлиги 1 метр. Хушманзарали дарахт. Шаҳримизга 1875-1878 йилларда келтирилиб экилган. Бир нечта асрий туплари Самарқанднинг Амир Темур, Маҳмуд Қошғарий кўчаларида, Самарқанд давлат университети бош биноси ҳовлисида, шаҳар истироҳат боғида ўсиб турибди.
Пенсилвания шумтоли (Қорашумтол) - Фрахинус пенсйлваниса
Ватани: Европа. Йирик манзарали дарахт, Самарқандга 1875-1880 йилларда келтирилган. Ҳозир Самарқанд давлат университетининг Биокимё институти кампусида 5 туп, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур кўчаларидаги ҳовлиларда 10 дан ортиқ бўйи 20-22 метргача бўлган туплари ўсиб турибди. Уруғидан яхши кўпаяди, жуда серҳосил.
Қўнғир эман - Қуэрсус робур
Ватани: Шарқий Европа. Бўйи 20-25, тана айланаси 3 метргача етадиган манзарали ва ёғочи қимматли, 300-400 йил яшайдиган дарахт. Самарқандда 1874 йилларда экилган. Ҳозир шаҳарда ўнлаб асрий туплари ўсиб турибди. Улар Самарқанд давлат университети Бош биноси, Абдураҳмон Жомий, Ўзбекистон, Ибн-Холдун, Алишер Навоий кўчаларидаги ҳовлиларда сақланган. Умумий ҳолати анча яхши. Ҳар йили уруғ беради.
Қрим қарағайи, Паллас карағайи - Пинус паллациана
Ватани: Қрим ярим ороли. Бўйи 35, тана айланаси 2-3 метр, ажойиб манзарали ва ёғочи қиммат игнабаргли дарахт. Самарқандда 1872 йилларда экилган, Ўзбекистон шароитига жуда яхши мослашган. Шаҳарда ва Омонқўтон ўрмон хўжалиги ҳудудида асрий туплари анчагина бор.
Улар шаҳримизнинг Беруний, Амир Темур, Мустақиллик кўчаларида, шаҳар Марказий истироҳат боғида, Самарқанд давлат университети Бош биноси ҳовлисида ўсиб турганини кўриш мумкин. Кўпчилиги соябонсимон шаклга кирган. Ҳар йили ҳосил беради, уруғидан яхши кўпаяди.
Улуғбек Очилов,
Самарқанд давлат университети
ботаника кафедраси докторанти.