Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Банкни 240 миллион сўмга чув туширган "тадбиркор"

Ойбек Шарипов катта ишнинг бошини тутиб, кўп даромад қилишни мақсад қилди. У "Муҳаммад қандолат лаззат" оилавий корхонасини ташкил этиб, новвот ва бошқа қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйди. Ишлар жойида, савдо ҳам ёмонмас.

Орадан беш-олти ой ўтгач, О.Шариповда тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсади пайдо бўлди. Тадбиркорликка давлат томонидан эътибор кучли: ер деса ер беряпти, кредит деса имтиёзли кредит. Буни яхши англаб етган О.Шарипов "Миллий банк" Каттақўрғон филиалидан 240 миллион сўм кредит сўради. Табиийки, банк бундай йирик миқдордаги кредитга гаров учун шунга яраша мол-мулк талаб қилади. У эса жияни Қ.Шариповга тегишли бўлган Нарпай тумани "Мирбозор" масъулияти чекланган жамияти ҳудудида жойлашган 2 та савдо дўкони, "Нарпай қандолат лаззат" масъулияти чекланган жамиятига қарашли нотураржойни ҳамда тоғаси А.Муқумовга тегишли "Ласетти" русумли автомашинани гаров сифатида тақдим этади. Меъёрий ҳужжатлар жой-жойига қўйилгач, "Муҳаммад қандолат лаззат" оилавий корхонаси учун "Миллий банк" Каттақўрғон филиали 12 ой муддатга йиллик 18 фоиз устама тўлаш шарти билан 240 миллион сўм кредит маблағи ажратади.

Эндиги воқеалар ҳикматнинг иккинчи қисми мазмунига мос. О.Шарипов олинган пулнинг 95 миллион сўмини қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун 36,8 тонна шакар сотиб олиш мақсадида Хоразм вилоятидаги корхоналарнинг бирининг ҳисоб рақамига ўтказади. Аммо олиб келинган 36,8 тонна шакарни қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирмасдан нақд пулда сотиб юборади. Биринчи иши анча муваффақиятли ўтди. Бу сафар хомашё миқдорини қарийб икки баробарга, яъни 145 миллион сўм эвазига 60 тонна ошириб буюртма беради. Навбатдаги хомашёни ҳам оилавий корхонасида қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ишлатмасдан нақд пулга сотиб юборади. Нима бўлибди, дерсиз. Ахир у кредит олаётганда иш ўрни яратишини, бозорга маҳсулот олиб чиқишини мақсад қилиб кўрсатган эди. Аммо О. Шарипов берган ваъдаларини бажариш тугул 12 ой ичида қайтариши керак бўлган қарзини ҳам тўлиқ қайтармайди. У бор-йўғи 61 миллион 31 минг сўмни банкдаги қарзининг бир қисмини қоплаш учун тўлайди ва қолган пулини ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Орадан 3 йилдан зиёд вақт ўтса ҳамки, банкдаги 178 миллион 969 минг сўмлик қарзини қайтармади. Иш судгача етди.

Энди бу алдовнинг натижасига қаранг: ким зарар кўрди? Гаровга қўйилган мол-мулклар мусодара қилинди. О.Шарипов эса қилмишига яраша жиноий жавобгарликка тортилди

К.ЖАВДАНОВ,

Нарпай тумани прокурори.