Янги кредитлар ажратилиши вa фоиз ставкаларининг пасайиши олдинги кредитларнинг ўз вақтида қайтарилишига ҳам боғлиқ
Иқтисодиётнинг қон томири бўлган банк фаолиятида тез суръатларда ўсиш вa кредит қўйилмаларининг ортиб бориши активлар сифати, жумладан, муаммоли кредитлар салмоғи ҳам ортиб бориш хатарини келтириб чиқариб, муаммоли кредитлар билан ишлаш усулларини такомиллаштириш масаласини долзарб даражага чиқармоқда.
Дарҳақиқат, иқтисодиётда реал сектор корхоналари вa аҳолини молиявий қўллаб-қувватлаш, уларни барқарор фаолият юритиши вa қўшимча ишчи ўринларини яратиш учун банк кредитларининг ўрни катта. Бироқ, янги кредитлар ажратилиши вa фоиз ставкаларининг пасайиши ўз-ўзидан олдинги кредитларнинг ўз вақтида сўндирилиши билан боғлиқ. Бу эса муаммоли кредитларнинг ундирилишини ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибаларидан кенг фойдаланганишни тақазо этади.
2024 йил 1 январь ҳолатига кўра, Самарқанд вилоятида тижорат банкларининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 488 млрд. сўмлик муаммоли кредитлари бартараф этилиб, 728 млрд. сўм ёки жами кредит қўйилмаларидаги улуши 0,5 бандга камайган. Аммо ўтган йилгидан кам бўлса-да, муаммоли кредитлар улуши 2,8 фоизни ташкил этиб турибди.
Умуман, хорижий банкларнинг Ўзбекистондаги тижорат банкларига инвестициялар киритилишида муаммоли кредитларнинг улушига эътибор қаратилиши, ушбу йўналишнинг салбий тарафга ўзгариши инвестициялар оқими салмоғининг пасайишига сабаб бўлиши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, тижорат банкларидаги муаммоли кредитларни ундириш ҳамда сифатини оширишга қаратилган қуйидаги таклифлар жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Жумладан, бугунги кунда муаммоли кредитларни ундиришда тижорат банклари томонидан Савдо-саноат палатаси орқали судга даъво аризалари киритилади вa суднинг ҳал қилув қарори чиқиб, қарз олувчига берилган қўшимча муддатлардан сўнг ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроларига ижро учун ўтказилади ҳамда гаров мулки «E-auksion» савдоларига чиқариш орқали сотилади. Гаров мулкларининг реализация қилиниши узоқ муддат талаб этиб, тижорат банкларида муаммоли кредитларнинг узоқ вақт сақланиб қолишига сабаб бўлади.
Шу боис, 2023 йил 29 апрелдаги “Кредиторларнинг гаров билан таъминланган талабларини қаноатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ ундирув гаровга қўйилган мол-мулкка суддан ташқари тартибда қаратилганда гаров объектини «E-auksion» электрон савдо платформасида аукционга кредиторнинг вa (ёки) қарздорнинг буюртмаси асосида қўйиш амалиётини кенг жорий этиш зарур. Бу эса, ўз навбатида муаммоли кредитларнинг ундирув муддатини қисқартирибгина қолмай, қарздорларни судга тўланиши лозим бўлган давлат божларидан озод этади, суд ҳужжатлари ундируви бўйича тўланадиган тўловлар (МИБга ижро йиғими сифатида тўланадиган тўловларга зарурат қолмайди), тадбиркорларнинг юридик хизматлар вa судлар билан боғлиқ харажатлари ҳамда сарсонгарчиликларининг олди олинади ҳамда келгусида кредитлаш имкониятини янада оширишга хизмат қилади.
Бугунги кунда хорижий мамлакатлар тажрибасида коллекторлик хизмати ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Коллекторлик хизмати ходими - қарз олувчилардан банклар вa микромолия ташкилотлари олдидаги қарзларни ундирувчи шахс бўлиб, маълум улуш эвазига (қарздорликдан фоиз) ундирув билан шуғулланувчи қонунчилик асосида фаолият кўрсатувчи шахсдир. Мисол учун, Америка Қўшма Штатларида коллекторлик хизматлари 2021 йил 30 ноябрдан қонуний кучга кирган бўлиб, амалиётда ижобий натижаларини бериб келмоқда.
Мазкур йўналишни мамлакатимиз тижорат банклари вa микромолия ташкилотларида ҳам жорий этиш кредитлар қайтимини жадаллаштиради, муаммоли кредитлар ундирувини тўлиқ қамраб олиш имконини беради ҳамда қайтган ресурсларни қайта йўналтириш тенденциясини тезлаштиришга хизмат қилади.
Содда қилиб айтганда, муаммоли кредитлар камайган сари аҳоли ва тадбиркорлар учун кредит олиш қулайлашади.
Адҳам Қаршиев,
Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси ходими.