Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Банкларни хусусийлаштиришдаги катта муаммо нима?

Самарқандда 23 та банкнинг 24 та филиали, Туркиянинг “Ziraat bankasi” ва Қозоғистоннинг Tenge Bank каби йирик банкларнинг банк хизматлари марказлари, 138 та банк хизматлари марказлари, 7 та минибанк, 24 та коммунал, махсус кассалар фаолият юритмоқда.

Шунингдек, 202 та валюта айирбошлаш шохобчаси, 166 та халқаро пул ўтказмалари шохобчалари, 3 та нобанк кредит ташкилоти бор.

Вилоят Матбуот уйида Марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан ОАВ вакиллари ва вилоятдаги тижорат банклари раҳбарлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ушбу тижорат муассасаларининг 2023 йилдаги фаолиятига оид маълумотлар билан ўртоқлашилди.

2023 йилда аҳолини инвестицион ва жамғариш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, қимматбаҳо металлар муомаласини ривожлантириш мақсадида вилоят бўйича жами 384 дона Марказий банк ўлчовли олтин ва кумуш тангалар ва олтин қуймалар тижорат  банклари орқали фуқароларга 5,5 миллиард сўмга сотилган. Жумладан, 288 дона олтин қуймаси, 25 дона олтин тангаси ва 71 дона кумуш танга вилоятдаги масъул тижорат банклари томонидан сотилган.

-  Банк пластик карталаридан фойдаланувчиларига янада қулайлик яратиш учун ўтган йил бошида банкоматлар сони 936 тани ташкил этган бўлса, ҳозирда улар 1110 тага етказилди, - дейди Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғи Отабек Азимов. - Ушбу банкоматлар Humo ва Uzkart банкоматлари ўзаро интеграция қилинди. 2022 йилда фуқаролар банкоматлар орқали 9 триллион 615 миллиард сўм нақд пул ечиб олган бўлса, 2023 йилда 14 триллион 779 миллиард сўм маблағини нақдлаштирди. Шунингдек, Самарқанд республикада оилавий тадбиркорликка энг кўп кредит ажратган ҳудуд бўлди.

Журналистларнинг банкларнинг хусусийлаштирилиши ва бунинг натижалари билан боғлиқ саволга бошқарма бошлиғи “Бунинг учун, аввало, банкларни хусусийлаштиришга тайёрлаш керак. Самарқанддаги банк филиалларининг барчаси 2023 йилни фойда билан якунлади, барча вилоятларда ҳам бундай натижа қайд этилгани йўқ. Банкларни хусусийлаштиришда биринчи навбатда муаммоли кредитлар қайтарилиши керак. Мисол учун, ўтган йил бошида 206 миллиард сўм оилавий тадбиркорлик бўйича муаммоли кредит бўлган бўлса, ҳозир жойлардаги ҳоким ёрдамчилари билан ишлаш туфайли муаммоли кредитлар миқдори 86 миллиард сўмга тушди.”

Кредит ажратиш ҳар йил давом этадиган жараён бўлса, бир томондан муаммоли кредитлар ёпилганда яна бошқа томондан шундай кредитлар юзага келмайдими? Умуман, кредит қайтарилишининг аниқ кафолатини белгилайдиган бирор режа йўқми?  Шунингдек, раҳбар вилоятдаги тижорат банклари ўтган йили фойда билан чиққанини айтди-ю унинг миқдорини очиқламади.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.