Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугундан “Онлайн болалар боғчаси” лойиҳаси иш бошлади

Мактабгача таълим вазирлиги Миллий телерадиокомпания билан ҳамкорликда ота-оналарга мактабгача ёшдаги болаларга тизимли, фойдали ва ривожлантирувчи таълим беришда услубий ёрдам бериш мақсадида «Онлайн болалар боғчаси» дастурини ишлаб чиқди.

Мазкур лойиҳа мактабгача таълим тизимининг «Илк қадам» давлат таълим стандарти асосида ишлаб чиқилган бўлиб, 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болажонларимиз учун мўлжалланган. Энди ота-оналаримиз боғча машғулотларини ўз фарзандлари билан уйда телеэкран қаршисида бажаришлари мумкин.

Дастур ўз ичига 3-5 ёшдаги болалар учун «Илк қадам», 6 ёшдаги болаларни мактабга тайёрлаш учун «Ақлвой» таълим лойиҳаларини қамраб олган.

20-25 дақиқалик машғулот мавзуси мактабгача ёшдаги болани атроф оламни ўрганиш, ижодий ва таълим олиш, нутқ ва мантиқий қобилиятларини ривожлантиришга асосланган.

«Илк қадам» дастурига кўра, болажонлар учун қувноқ қаҳрамонлар иштирокидаги эрталабки бадантарбия, интерфаол ўйин шаклидаги инглиз тили машғулоти, ментал арифметика ва математик ҳисоб асослари, ёш сайёҳ (митти дўстларимиз учун Ўзбекистоннинг қадимги шаҳарлари ҳақида кўрсатувлар тўплами), митти ёрдамчи (ошхона таомлари тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари), логопед машғулотлари намойиш этилади.

6 ёшдаги болаларни мактабга тайёрлов машғулотлари мактабгача таълим ташкилотлари педагоглари ва миллий қаҳрамонлар иштирокидаги болалар таълим кўрсатувлари ҳамда маҳорат синфлари асосида ташкил этилади.

«Илк қадам» мактабгача таълим машғулотлари дастури энди 1 апрелдан бошлаб ҳар куни душанбадан жумагача соат 8:00 дан 12:00 га қадар, 6 ёшли болалар учун мўлжалланган «Ақлвой» машғулотлари эса ҳар куни соат 11:00 ва 15:00 да ўзбек ва рус тилида «Болажон» телеканали орқали эфирга узатилади.