Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Фуқаролар йиғини раиси қанча муддатга сайланади?

Савол: Яқинда маҳаллада сайлов бўлади деб эшитдим. Фуқаролар йиғини раисини сайлаш ҳуқуқига кимлар эга бўлади?

Т.Олимова,

Самарқанд тумани.

Жавоб: Фуқаролар йиғини раисини (оқсоқолини) сайлаш ҳуқуқига сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган ҳамда шаҳарча, қишлоқ, овул, шунингдек шаҳардаги, шаҳарчадаги, қишлоқдаги, овулдаги маҳалла ҳудудида доимий яшовчи фуқаролар эга бўлади.

Манба: “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни.

 

Савол: Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида кимлар иштирок этиши мумкин эмас, нима учун?

Д.Сотиболдиев,

Тайлоқ тумани.

Жавоб: Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиши мумкин эмас.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида фуқароларнинг иштирок этиш ҳуқуқларини бирон-бир тарзда бевосита ёки билвосита чеклаш тақиқланади.

Манба: “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни.

 

Савол: Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида қатнашиш мажбурийми?

Ж.Давлатов,

Жомбой тумани.

Жавоб: Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (бундан буён матнда фуқаролар деб юритилади) иштирок этиши ихтиёрий ва эркиндир. Фуқароларни сайловда иштирок этишга ёки иштирок этмасликка мажбур қилиш мақсадида уларга таъсир кўрсатишга, шунингдек уларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир кўрсатишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Манба: “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни.

 

Савол: Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) қанча муддатга сайланади?

В.Жамолова,

Самарқанд шаҳри.

Жавоб: Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса, фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан уч йилга сайланади.

Манба: “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни.