Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Давлат байроғи — миллий ғурур ва ифтихор рамзи

18 ноябрь — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув курсида таҳсил олаётган «Маҳалла раислари» гуруҳи тингловчилари иштирокида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Унда «Зарафшон» ва «Самарқандский вестник» газеталари таҳририяти бош муҳаррири, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Фармон Тошев иштирок этди.

Суҳбат давомида Давлат байроғининг мамлакатимиз мустақиллиги, миллий ўзлигимиз, халқимизнинг орзу-интилишлари ва эзгу мақсадларини ифода этувчи муқаддас рамз экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, давлат рамзларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ф.Тошев суҳбат давомида маҳалла тизими вакилларининг жамият ҳаётидаги ўрни, аҳоли билан мулоқот жараёнида миллий қадриятлар, ватанпарварлик ва маънавий тарбия тамойилларининг аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритди. Давра суҳбатида тингловчилар мавзу юзасидан фикр алмашдилар.