Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

G7 саммитининг якуний баёноти бир варақ қоғоздан жой олди

Франциянинг Биарриц шаҳрида ўтказилган “Катта еттилик” саммитининг якуний баёноти бир варақ қоғоздан жой олди ва савдо масалалари, Эроннинг ядро дастури, шунингдек, Украина, Эрон, Ливия ва Гонконг муаммоларини ўз ичига жамлади. 

“Катта еттилик” рўйхатининг биринчи бандини савдо масалалари банд этди. Ҳужжатда “Катта еттилик очиқ ва адолатли халқаро савдо тамойилларига, шунингдек, жаҳон иқтисодиётининг барқарорлиги тарафдоридир” деб қайд этилган.

Эрон ядро дастури рўйхатнинг иккинчи бандини эгаллаган. “Биз иккита мақсадни тўлиқ баҳам кўрамиз: Эронни ядровий қуролга эга бўлишига йўл қуймаслик, шунингдек, минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш ва мустаҳкамлаш”, - дея таъкидлашган G7 аъзолари.

Ҳужжатнинг учинчи бандини Украинадаги вазият эгаллаган. Бу бандда Франция ва Германия “норманд форматида” яқин ҳафтада учрашув ташкил қилишлари режалаштирилганлиги қайд этилган.

Якуний баёнотнинг тўртинчи мавзуси Ливия масаласи бўлган. “Катта еттилик” раҳбарлари ушбу мамлакатдаги қуролли тўқнашувлардан сақланишни таъминлайдиган тузилган сулҳни қўллаб–қувватлашлари таъкидланган. “Биз фақатгина сиёсий ечим Ливиядаги барқарорликни таъминлай олади, деган фикрдамиз”, - дея ёзилган ҳужжатда.

Гонконгдаги воқеалар баёнотнинг охирги бандидан жой олган. Якуний баёнот муаллифлари зўравонлик ишлатилмаслигига чақиришган ва 1984 йилда Буюк Британия ва Хитой ўртасидаги деклорациянинг муҳимлигини таъкидлашган.

“Катта еттилик” саммити ўтган шанба куни Франциянинг Биарриц шаҳрида бошланди ва душанба куни якунига етди.