Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Имконияти чекланган, аммо боқиманда эмас

Кўпинча раҳбар ва ёшлар учрашувларида аксарият йигит-қизлар иш сўраб мурожаат қилади. Айниқса, етти мучаси соғ, тоғни урса талқон қиладиган йигитларнинг боқимандалик кайфиятида моддий ёрдам, бепул уй сўраб мурожаат қилиши киши кўнглини хира қилади. Шундай инсонлар борки, имконияти чекланган бўлса-да, мамлакатимизда тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, нафақат ўзининг, балки бошқа ишсиз фуқароларнинг ҳам бандлигини таъминлайди. Шулардан бири Пайариқ тумани “Гўзал” маҳалласида яшовчи Раҳматилла Қурдошевдир. У биринчи гуруҳ ногирони бўлишига қарамай оилавий корхона ташкил этди.

- Шу пайтга қадар давлатимиз томонидан кўрсатилган мурувват ёрдамларини ҳамда мени вояга етказгунча онам чеккан азобларни унутолмайман, - дейди Р.Қурдошев. – Ҳозир 22 ёшдаман. Энди ҳам ким ёрдам бераркан, деб ётаверишга виждоним йўл қўймайди. Шунинг учун узоқ ўйлаб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга аҳд қилдим. Соҳага оид китобларни ўқиб чиқдим. Ўтган йили “Баҳор” номли оилавий корхона ташкил қилдик. Бир танишимнинг тавсияси ва кўмаги билан Тошкентдан махсус дастгоҳ олиб келдик ва совун ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Фойдаси ёмон эмас. Корхонамизда бугун беш киши доимий иш билан банд. Кунига 4000-4500 дона совун ишлаб чиқаряпмиз. Кундан-кунга харидорларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Ҳозирча ижарада хизмат кўрсатяпмиз. Келгусида ўзимизнинг жойимиз бўлса, шароитларни янада яхшилаб, фаолиятимизни кенгайтирамиз.

Раҳматилланинг имконияти чекланган, аммо боқиманда эмас. Унга уй берилди, бироқ бепулмас. Кредит асосида олинган уйнинг тўловини ўз вақтида амалга ошириб бориш учун ҳам ҳаракат қилмоқда.

Ҳусниддин Холдоров.