Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Имом Бухорий мажмуасида ҳайит намози ўқилди: Вилоят ҳокими барча юртдошларимизни байрам билан табриклади (фото)

Қурбон ҳайити – мусулмонларнинг шод-хуррамлик, кўнгил олиш, меҳр-оқибат, хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирлари билан дийдорлашув байрамидир. Ана шундай улуғ байрам тонгида Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси юртдошларимиз билан гавжум бўлди.

Дастлаб имом Қурбон ҳайитининг хайрли айёмлиги, юртимизда ислом дини ривожи ва маънавий қадриятларимизни асраш борасида қилинаётган ишлар ҳамда қурбонликнинг тартиблари ҳақида маъруза қилди.

Вилоятдаги ҳайит намози ўқиладиган 271 жоме масжидда ҳам Ийд Қурбон ҳайити намози ўзгача файз билан адо этилди. Намозхонлар масжидларда яратиб берилган шароитлардан мамнун бўлишди. Намоздан сўнг жаннатмакон юртимизга тинчлик-омонлик сўраб, халқимиз фаровонлиги, ёшларимиз бахту иқболини тилаб дуолар қилинди.

Ҳомийлар томонидан вилоятдаги Меҳрибонлик, Мурувват ва Саховат уйларида истиқомат қилаётган кишилар ҳамда маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди. “Вақф” хайрия жамоат фонди вилоят филиали томонидан ҳам қурбонлик ташкил этилиб, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож инсонларга тарқатилди.

Шунингдек, Имом Бухорий мажмуасидаги ҳайит намозида вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди ва ҳаммани Қурбон ҳайити билан табриклади.

Айни пайтда ҳайит маҳаллалар, боғ ва хиёбонларда сайиллар тарзида ўтказилмоқда.