Самарқанддаги 278 та масжидда ҳайит намози ўқилди
Давлатимиз раҳбари қарорига кўра, 9 июль Қурбон ҳайитининг биринчи куни юртимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда.
Ушбу кунларда амалга ошириладиган тадбирлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмасига риоя этган ҳолда адо этилмоқда.
Жумладан, вилоятимиздаги 278 та масжидда ҳайит намозини ўқилди.
Яратганга беадад шукрларки, эзгу амаллар, фазилатли ишлар билан Қурбон ҳайитини нишонлаяпмиз. Байрам олдидан, умуман, байрам кунларида имом-хатиблар, саховатпеша кишилар томонидан маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга мурувват ёрдамлари кўрсатилди.
Имоми Аъзам мазҳабига кўра, қурбонлик куни ҳур, муқим, бой мусулмон одамга қурбонлик қилиш вожибдир. Қурбонлик қилиш закот ва фитр садақаси каби молиявий ибодат бўлиб, у Қуръони карим, Ҳадиси шариф ва ижмоъ билан собит бўлган.
Қурбонликнинг вожиблигига далиллар: “Бас, Раббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўйиб, қурбонлик қил!” (Кавсар сураси, 2).
Аллоҳнинг ўзи учун ибодат қилиб, намоз ўқиш, фақат унинг йўлида жонлиқ сўйиб, бева-бечораларни тўйғазиш шукрнинг бир кўринишидир.
Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги “намоз”дан мурод, ийди қурбон намози, “жонлиқ”дан мурод қурбонликка сўйиладиган ҳайвон, деганлар.
Қурбонлик қилувчи ҳайит намози ўқиб бўлингандан кейин қурбонликни ўз қўли билан сўйса, афзал, қурбонликни сўйишда “Бисмиллаҳи ва Аллоҳу Акбар!” демоқ керак, қурбонликни сўйиш пайтида кимданлигини айтиш мумкиндир.
Қурбон ҳайитининг биринчи куни ҳайит намозидан кейин ҳайитнинг учинчи куни шом намозигача қурбонлик қилиш мумкин.
Қурбонлик гўштининг бир қисми оиласига қолдирилиши, яна бир қисми камбағал қўшниларга, яна бир қисми қариндошларга тарқатилиши мумкин. Агар оила таъминотига керак бўлса, қўшниларга тарқатмасдан, гўштни бир ой ичида ишлатса бўлади. Қурбонлик қилинган жонлиқнинг териси ва калла почаси сотилмайди, садақа қилинади.
Барчамизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин, азизлар!
Хайруллоҳ Сатторов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакили ўринбосари.