Корея ишбилармонлари Самарқандга интилмоқда

Ёшлар марказида Самарқанд вилояти ва Корея Республикасининг ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.

Дастлаб хорижий ишбилармонларга вилоятимиз тадбиркорлари томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди.

Бизнес форумда иштирок этган вилоят ҳокими Э.Турдимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Кореяга ташрифи ва ўз ўрнида Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга ташрифлари чоғидаги келишувлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарганини таъкидлади.

- Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларнинг сиёсий, иқтисодий, маданий йўналишларда сезиларли ривожланиш босқичига эришилди. Биз Корея давлати ўз тарихи, ноёб маданияти, улкан салоҳиятига эга жаҳон иқтисодиёти етакчиларидан бири ва мақсадлари йўлидан дадил бораётган мамлакат сифатида биламиз, - деди Э.Турдимов. 

Ҳозирда кореялик сармоядорлар иштирокида вилоятимизда 35 та корхона ташкил этилган бўлиб, уларнинг 25 таси қўшма корхона ва 10 та хорижий корхона фаолият юритмоқда. Уларда ип-калава, ипак, трикотаж матолар, тайёр болалар кийимлари, матолар, гилам, қайта ишланган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, мебел ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга Самарқанд ва Корея давлати ўртасида 2019 йил биринчи ярим йилликда ўзаро товар  айланмаси 21 миллион долларни ташкил этди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 баробарга ошди.  

 

- Бугунги кунда Кореядаги гигант корхоналар Ўзбекистонда ўз филиалини очишга интилишмоқда, - дейди Ўзбекистон-Корея бизнес маркази директори Ким Чанг Кёнг. – Шу мақсадда Ургут эркин иқтисодий зонасида ҳам бўлиб, у ердаги шароитлар билан танишдик ва бир неча корхоналар билан шартномалар имзоладик. Ушбу бизнес форумда Самарқанд вилоятида ахборот коммуникацион ва информацион технологиялар, фармацевтика, туризм, замонавий шаҳарсозлик, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар раҳбарлари қатнашмоқда. Шунингдек,  иссиқхоналар, енгил саноат йўналишида тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, терини қайта ишлаш, чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш, ёқилғи энергетика соҳаси, электр ва маиший техника ишлаб чиқариш йўналишларида инвестицион лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиряпмиз. Шу мақсадда Кореядаги энг илғор 45 компаниянинг вакиллари ўз лойиҳаларини тақдим этишмоқда.

Форум давомида кореялик тадбиркорларнинг энг яхши лойиҳалари намойиш этилди ва ишбилармонлар ўртасида B2B форматда учрашув ҳам ўтказилди.