Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

ОАВ айбсизлик презумпциясига риоя қилаяптими?

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг маълум қилишича, охирги вақтларда айрим оммавий ахборот воситалари томонидан айбсизлик презумпциясига риоя қилмаслик ҳолатлари учрамоқда.

Бу эса фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларининг бузилишига олиб келмоқда.

Ҳуқуқий демократик давлатда инсон ҳуқуқлари асосий ўринни эгаллайди. Шу сабабли, журналист суд ишларини ёритишда, шу жумладан, суд фаолияти билан боғлиқ материалларни тайёрлашда алоҳида масъулият билан ёндошиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқламагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 23-моддасида, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланиши кўрсатилган.

Масалан, JAHON.UZ сайтида А.Ҳакбердиева ва бошқаларга оид жиноят иши бўйича мақола эълон қилинган бўлиб, у ерда судланувчиларнинг исм - шарифлари, эгаллаб турган мансаб вазифалари, содир этилган жиноят фабуласи тўлиқ кўрсатилган.

Мазкур жиноят иши бўйича жорий йил 11 июль куни ҳукм чиқарилган бўлиб, айрим судланувчилар томонидан апелляция тартибида шикоят келтирилган. Шу муносабат билан биринчи босқич суднинг ҳукми бугунги кунда қонуний кучга кирмаган.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасида, журналист ўзининг профессионал фаолиятини амалга ошириш чоғида, қонун ҳужжатларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига риоя этиши ва айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши шарт.

Шу муносабат билан Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди ОАВ ходимларини фуқароларнинг конституцион ҳуқуқларини ҳурмат қилишга ва қонунчилик талабларига риоя қилишга чақиради.