Янги Ўзбекистонда янги суд тизими
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга бу галги Мурожаатномасида ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Дарҳақиқат, кейинги тўрт йил давомида 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиниб, суд соҳасини ислоҳ қилиш борасида улкан ўзгаришлар амалга оширилди.
Суд мустақиллиги жамиятда адолат тантанасининг гаровидир. Адолат ва қонун устувор бўлган жамиятда фуқаролар эркин ва фаровон яшайди, давлат ҳар томонлама ривожланади. Шу сабабли суд тизимини ислоҳ қилиш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида. Бу эса, шубҳасиз, суд ҳокимияти ходимлари зиммасига катта масъулият юклайди.
2021 йилдан бошлаб жорий этиладиган “бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини таъминлайди. Шу пайтгача вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар, бу тартиб билан адолатни тиклаш қийин эди. Шунинг учун низолар, оворагарчиликлар давом этарди.
Эндиликда бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилади. Одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинади.
Муҳим янгиликлардан бири сифатида суд тузилмасидаги ўзгаришни келтириш мумкин. Илгари фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича учта алоҳида вилоят судлари фаолият кўрсатган бўлса, энди улар битта суд сифатида бирлаштирилади. Яъни, битта вилоят суди раиси бўлади, унинг фуқаролик ишлари бўйича, иқтисодий ишлар бўйича ва жиноят ишлари бўйича ўринбосарлари фаолият кўрсатади. Бу янгилик катта қулайликларни яратади ва албатта ўз самарасини беради.
Яна бир янги тартиб жорий этилмоқдаки, бу жуда кўп ортиқча ташвишларнинг олдини олади. Ҳар бир ишни судда кўриш фуқаролар учун ҳам, суд ходимлари учун ҳам катта ташвиш. Баъзида арзимаган ёки асослари етарли бўлмаган ишлар учун ойлаб ишлашга тўғри келарди. Шунинг учун суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суднинг ўзи якуний қарор қабул қилади. Демак, ходимлар ҳам, судьялар ҳам асоссиз, енгил-елпи ишларга чалғимай, ўз ишини пухта бажаради. Суд қарорларининг сифати ошади.
Юртимизга келадиган ҳар бир инвестор биз учун қадрли. Чунки, у маблағ олиб келади, корхона ташкил этади, одамларни иш билан таъминлайди, иқтисодиётга фойда келтиради. Лекин улар низолар вужудга келганда овора-сарсон бўлиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини етарли ҳимоя қилолмас эди. Эндиликда инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди. Энди инвесторлар ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин. Бу янгилик юртимизда қонун устуворлигига ишончни орттириб, инвесторлар оқими ошишига ёрдам беради.
Бу йил 2020 йил сентябрь ойида бошланган суд тизимини рақамлаштириш янада кенгайтирилади. Замонавий рақамли технологияларни жорий этиш фуқароларимизга жуда катта қулайликлар яратмоқда. Суд биносига келмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилади. Фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб кузатиб бориши мумкин бўлади.
Мурожаатномада коррупцияга қарши курашиш, жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасида ҳам қимматли фикрлар, аниқ топшириқлар берилди.
Бугун “Янги Ўзбекистон” деган ибора халқаро майдонда нафақат янги тушунча, балки реал ижтимоий ҳодиса сифатида қабул қилинмоқда. Худди шундай Янги Ўзбекистоннинг суд тизими ҳам унга мос, чинакам адолат қўрғонига айланиши лозим.
Олимжон Ҳайитов,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси.