Самарқанддаги жиноят ишлари бўйича судларда 13 нафар шахс оқланган
Бу ҳақда бугун вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган брифингда жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси О.Ҳайитов айтиб ўтди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 9 ойида жиноят ишлари бўйича вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан 2675 (2019 йилнинг шу даврида 2664) нафар шахсга нисбатан 2146 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Шундан 606 нафар шахсга нисбатан юритилган 553 та иш тугатилган.
Судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 239 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинган. Шунингдек, 531 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан ЖКнинг 66-1-моддасига асосан тугатилиб, 574 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган.
Ҳисобот даврида кўриб тамомланган 4284 та материаллар бўйича ички ишлар органлари пробация хизмати тақдимномалари асосида 1971 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, 316 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилган.
Жазони ижро этиш манзил колонияларидан 339 нафар шахслар тайинланган жазони ўташдан муддатидан илгари шартли ва жазо енгилроғига алмаштирилиб, қамоқдан озод қилинди.
Таҳлил қилинаётган даврда 507 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида илтимосномаларнинг 505 таси қаноатлантирилган ва 2 таси рад қилинган.
Вилоят судларининг барча инстанцияларида 13 та жиноят иши бўйича 13 нафар шахс оқланган.