Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўтмиш суратларидаги тушунарсиз ҳодисалар

Ўтмишдан олинган баъзи фотосуратлар бугунги кунда ҳам олимларни ҳаяжонга солмоқда. Бугунги кунда ўзини фотосуратчи, деб билган киши йўл-йўлакай ўзига йўлиққан (гўё) бошқа планеталик, арвоҳ ёки бошқа ғалати мавжудотларнинг расмларини оммага намойиш қилиши мумкин. Ҳозирги даврда ижтимоий тармоқлар саҳифаларида ҳар хил тасвирлар учрайди ва албатта, бу воқеаларнинг ҳақиқий далиллари топилмагунча улар чинакам саналмайди.

Бироқ замонавий технологиялар ёрдамида тасвирларни сохталаштиришни бошлашдан анча олдин пайдо бўлган сирли тасвирлар тушиб қолган фотосуратларни қандай изоҳлаш мумкин?

Бугун эътиборингизга бу қандай содир бўлиши мумкинлигини бирон киши ҳанузгача изоҳлаб беролмаган бир нечта суратларни ҳавола этамиз.

Суратдаги космонавт

1964 йилда Англиянинг Камбрия шаҳридаги қуёшли кунларнинг бирида Джим Темплтон оиласи билан сайрга чиқди ва қизини суратга тушира бошлади. Кейинчалик ишланган расмни кўриб ҳайрон қолди. Фотосуратда қизи ортида скафандр кийган, космонавтга ўхшаш ғалати жусса турганлиги кўриниб турарди. Суратга олиш пайтида яқин-атрофда Темплтон оиласидан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Джим қизи орқасида турган космонавт қандай қилиб суратга тушиб қолганини ҳеч ким ҳали ҳам тушунтириб бера олмаган.

Тасодифан кадрга тушиб қолган қўрқинчли ҳайвон

Хук оролида бундан эллик йил олдин олинган, одамларни ҳаяжонга солган яна бир фотосурат – бу йиртқич ҳайвоннинг сурати. Аниқки, у пайтда фотосуратларни таҳрирлаш ва тузатиш дастурлари инсоният учун тушунарсиз нарса эди. Даҳшатли мавжудотнинг фотосурати Роберт Ле Серро ва унинг рафиқасининг иши. Улар оролнинг Стоунхейвен кўрфази бўйида суҳбат қила туриб, сув тубида ётган улкан бир нарсани кўриб қолишди. Улар махлуқни сувда қимирламай ётган улкан чўмичга ўхшатишди. Эр-хотин ушбу ҳодисани дарҳол суратга тушириш пайига тушди. Махлуқ нохосдан қимирлай бошлади, сайр қилаётганлар ваҳимага тушиб соҳилни тарк этишга шошилди.

Марҳумнинг умумий расмда пайдо бўлиши

Биринчи жаҳон урушида Британиянинг Дедалус кемасида хизмат қилган Годдард эскадрильясининг жамоавий портретини кўрган хизматдошларни ҳаяжон босди... Суратда барча аскарлар билан бир қаторда марҳум Фредди Жексон ҳам бор эди.

Гап шундаки, Фредди авиамеханик бўлиб ишларди. Аскарлар жамоавий расмга тушишдан икки кун олдин бехосдан самолёт винти учиб чиқиб, унинг ҳаётига зомин бўлганди. Бу расм эса айнан авиамеханик Жексон дафн қилинган куни туширилган эди. Учувчилар орасида Жексоннинг туриши ҳозиргача жумбоқ бўлиб қолмоқда.

Баҳора МУҲАМАДИЕВА таржимаси.