Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Овқатнинг уволи йўқми, одамлар?!

Токи инсоният, жамият мавжуд экан, тўйлар ҳақидаги баҳслар тугамайди. Халқимиз бахтли дамларини дўстлар даврасида баҳам кўргиси келади. Меҳмонларни ҳар ким, ҳар хил кутади, дастурхонни ҳар хил ёзади ҳамда ўзининг билганларидан, кўрганларидан келиб чиқиб, дастурхон тузайди.

Яқинда бир тўйда иштирок этдим. Вой-ей, яхшиям столнинг оёғи тўртта экан. Учта бўлса ҳам, иккита бўлса ҳам устига ортилган юклардан синиб тушарди. Қази қарталар, тандир гўшту ўнлаб хил салатлар, энг сархил мевалар, ичимликлар ва ҳакозо...

Одамлар биринчи овқатдан татиб кўришди-ю, кўпчилиги иккинчи таомга қўл ҳам узатмади. Яна, 500 одамни таклиф қилишибди. Бир киши ейдиган овқатга 250-300 минг сўмдан тўлашибди. Буни 500 кишига кўпайтирсак, 150 000 000 сўм бўладими? Яна спиртли ичимликларнинг пули алоҳида, тўйчиларнинг ҳисобидан. Стол устида овқатлар қолиб кетди шундайгина.

Овқатнинг уволи йўқми, одамлар? Очарчиликда кўрган кунларини сўйлаб бергич момоларимиз, боболаримиздан қолганми, азизлар?!

Хатирчилик Умида холамнинг ҳикояларидан биттасини айтсам: “Ўн-ўн бир ёшли қизчалар эдик. Ҳосили ўриб олинган буғдойзорларга, ерга тўкилиб қолган бошоқларни тергани чиқардик. Дугоналаримиз ичида Назира исмли қизча бор эди. У ҳаммамиздан кўра ночорроқ эди. Онасининг титилиб кетган куйлагини кийиб, белига ип бойлаб чиққан эди. Оёқлари яланг, сочлари битлаб, патила бўлиб, бошига битиб қолган. Ёрилиб, қотирма бўлган оёқчалари тикан кирганини ҳам сезмасди (аслида ҳаммамиз шундай эдик).  Ҳали моллар еб кетмаган жойдан, битталаб бошоқ териб, ярим кунда бир ҳовучдан йиғиб олдик. Ҳаммамизнинг оғзимиз қулоғимизда, бугун ҳеч бўлмаса, ёвғон атала ичамиз.

Шу пайт узоқдан ғалла бригадир от елдириб кела бошлади. У тўқ эди, у кучли эди, у бой эди... Худодан қўрқмаганлар ҳам ундан қўрқарди. У дилдираб турган қизчаларнинг бошларига, юзу кўзларига қамчи солди. Эмаклаб бошоқ тераётган Назира қочолмади. Унинг тўрвачасини тортиб олиб, бир ҳовуч ярим ёрти буғдойларни (ҳаммамизнинг терган бошоқларимизни ҳам) далага сочиб юборди. Онамиздан ҳақоратлади. Сенлар халқ душмани, деди. Оталаримиз, акаларимиз фронтда эди. Урушга бормаган бу одам қишлоқда ҳаммадан зўр эди, ҳамма ундан қўрқарди. Қочишга мадори йўқ Назира ҳаммадан кўп калтак еди. Дала ўртасида сулайиб қолди.

Биз, дугоналари унинг оёқ қўлларидан, белидан ушлаб судрадик. Кўзингни оч, дугонажон, деб ялиндик. Уйимизда бор нарсалардан берамиз, деб сўз бердик. Кимдир йиртиқ чориқ, кимдир қоғози (ўғит солинган қоғоз халтанинг бўлаги)ни, кимдир тўзғиган кигиз (нимча қилиб кияди деб), мен эса энамдан берухсат, қирқ одам кўз тикиб турган, сигиримизнинг елинидаги сутдан бир қошиқ ваъда қилдик. У фақат сут деган жойда, лабларини қимирлатиб, энамга бер, дегандай, бўлди. Сўнг нафас ҳам олмай қўйди. Дугоналаримиздан бири, у ўлди, деди. Биз олти қизалоқ ўлик дугонамизни шу судраймиз, ҳеч уйига етолмаймиз... Тўртовлон мурдага қараб турадиган бўлди, икковимиз уйига чопдик.

Борсак, тўшанчилари ҳам сотиб юборилган уйда, қуруқ ер устида, ота-онаси очликдан шишиб ётибди, инграб, нон сўраб ётибди.

- Назира, келдингми, - деди онаси шарпани сезиб, - буғдой териб келдингми?

- Йўқ, Улжон хола, Назирани ғалла бригадир уриб ўлдириб қўйди, кўтариб келолмаяпмиз, - дедим.

Онаси бир ёмон оҳ тортди-да, кўз ўнгимизда ўлиб қолди. Отаси инграб ётаверди. Уйдан чопиб чиқсак, кўчада ҳам, уйларда ҳам одам йўқ. Қишлоғимизда қўлидан иш келадиган ягона эркак, бошоқ терган болаларнинг қанчасини уриб ўлдирган – ғалла бригадир эди.

Дугонамнинг ўлигини бир амаллаб судраб, уйига олиб келсак, отаси ҳам ўлиб қолибди. Урушдаги навқирон, паҳлавон акасидан қора хат келган эди...  Уч ўлик уйларида бир неча кун сасиб ётди. Сўнг иккита бобой топилиб, ювмай ҳам, наридан бери кўмиб келишди. Агар ўша куни Назира терган бир ҳовуч буғдойни анави қаттол, қишлоқдаги “фашист” сочиб юбормаганида, дугонамни уриб ўлдирмаганида, уч одам тирик қолган бўларди...

Овқатнинг уволи йўқми, одамлар? Қонунлар тўйга келувчиларнинг сонини тартибга солади, яхши. Аммо дастурхонни ўзимиз тартибга солайлик. Аслида, бир бурда буғдой нон, бир чойнак кўк чой, бир кафт майиздан тотли яна нима бор?

Яна бир гап келинчакларимизнинг либоси ҳақида. Аввал бошқа тақдир эгаси кийган, сўнг ювилиб, янгидай тахлаб қўйилган келин кўйлакни фалон сўмга нега оласиз? Нега, қизларжон? Елкаси, кўкраги, қўлтиғи очиқ, сизнинг иффату назокатингизни бир пул қиладиган, қиммат матоҳ керакми, сизга? Нега Кумушбиби бўлиб, Мукаррамахоним бўлиб кийингингиз келмайди?

Ўзингиз келин бўлиб, қиз каби азизу мукаррам бўлиб борадиган хонадонингиз юзига қандоқ оёқ қўясиз? Қани ибо, ҳаё, уялиб туришларингиз? Сиз шундай ўзбекона либослар кийингки, ўзга юртдагилар ҳавас қилсин. Бизнинг бозорларимиздан ҳарир шойилар, атласу беқасамларни излашсин.

Яқинда Самарқанд давлат университети талаба қизлари билан учрашувимизда шу фикрларни айтдим. Ёшлар номидан мен хат қилиб берадиган, ақлли қизларимиз имзо чекадиган бўлишди. Юртимиздаги барча қизлар, бўлажак келинчаклар бизнинг фикримизга қўшилармикин? Миллий матоларимиздан тикилган, миллий либосларни киярмикан? Кимда бор шундай жасорат? Ҳа, энди тўй тўйдай бўлсинда! Шарқона, ўзбекона, миллатимизга хос бўлсин!

Хосият БОБОМУРОДОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира,

ЎзА.