Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистонда электр таъминотига чекловлар киритилмоқда

Электр энергиясига бўлган талаб сезиларли даражада ошганлиги сабабли жорий йилнинг 21 июль кунидан бошлаб, ишлаб чиқарилаётган ва истеъмол қилинаётган электр энергияси орасида фарқ вужудга келганлиги сабабли истеъмолчиларга маълум бир чекловлар ўрнатилди.

Энерготизимдаги йирик авария ҳолатларининг олдини олиш ва унинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида киритилаётган чеклов миқдори тахминан 1,5–2,0 миллион кВт.соат электр энергияни ташкил этмоқда. Бу кунлик ўртача истеъмолнинг (195,6 миллион кВт.соат) 0,8–1,0 фоиз деганидир.

Шунингдек, вақтинчалик узилишларга Тожикистондан олинаётган электр энергияси импорти ҳажмининг кескин қисқариши ҳам сабаб бўлмоқда.

Тожикистонда сув танқислиги оқибатида жорий йилнинг 16 июль куни соат 02:33 да кучланиши 500 кВ бўлган «Регар» ва «Сурхон» подстанцияларини боғловчи тармоқ орқали импорт амалиёти тўхтатилган ва суткалик ўртача 12,0 миллион кВт.соатдан 0,3 миллион кВт.соатгача камайган.

Қўшнилар билан электр энергияси импорти шартномаси сентябрь ойигача бўлганлиги сабабли юртимиздаги иссиқлик станцияларига июль ойига импортни қоплаш учун ёқилғи ажратиш кўзда тутилмаган ва электр станциялар ускуналари таъмирлашга чиқарилган эди.

Бироқ ҳозирда электр станцияларига кўзда тутилган миқдордан 10–12 фоиз кўп табиий газ етказиб берилмоқда. Иссиқлик электр станцияларимизда режага нисбатан 8 миллион кВт.соат ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25–30 миллион кВт.соат кўп электр энергияси ишлаб чиқаришга эришилмоқда.

Бундан ташқари, республикамизда кузатилаётган сув танқислиги сабабли юртимиздаги гидроэлектростанцияларда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10–12 миллион кВт.соат кам электр энергияси ишлаб чиқарилаётгани ҳам электр энергияси танқислигини юзага келтирмоқда.

Мазкур вазиятдан чиқиш учун «Ўзбекистон МЭТ» акциядорлик жамияти «Туркменэнерго» компанияси билан имзолаган шартномага кўра, жорий йилнинг 28 июлидан бошлаб Туркманистондан электр энергиясини қабул қилишни бошлайди.

«Ўзбекистон МЭТ»  акциядорлик жамияти ахборот хизмати.