Электр энергияси: Дебитор қарздорликни камайтириш ва ноқонуний фойдаланишга қарши назорат тадбирлари кучайтирилди
Вилоят прокуратураси, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали ҳамда “Энергосавдо” филиали вилоят бўлинмаси томонидан жорий йил давомида олиб борилган назорат тадбирлари натижасида 13 857 млрд сўм дебитор қарздорликни камайтиришга эришилган.
"Жумладан, улгуржи истеъмолчилар ҳиссасига 8 959,6 млрд сўм, аҳоли истеъмолчилари ҳиссасига эса 4 897,4 млрд сўм тўғри келади, - дейилади ҳудудий филиалнинг ахборот хизмати хабарида. - Назорат тадбирлари давомида қатор қарздор истеъмолчилар электр тармоғидан ажратилди. Хусусан, Каттақўрғон туманидаги “Темурбек Аҳмадов даласи” фермер хўжалиги 1 млрд 114 млн сўм, Самарқанд туманидаги “Жомбой цемент” МЧЖ 3 млрд 127 млн сўм, Оқдарё туманидаги “Адҳам Кенжабеков” фермер хўжалиги 150,5 млн сўм, Нуробод туманидаги “Қўйбоқар ишончи” фермер хўжалиги 111,2 млн сўм, Иштихон туманидаги “Asr Fayz Stroy” қўшма корхонаси 174,6 млн сўм дебитор қарздорлик сабабли тармоқдан узилди".
Назорат рейдлари давомида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳам аниқланган. Жорий йилнинг январь ойида ўтказилган тадбирлар натижасида жами 684 та ноқонуний фойдаланиш ҳолати қайд этилиб, уларнинг 62 таси улгуржи, 622 таси аҳоли истеъмолчиларига тўғри келган. Мазкур ҳолатлар бўйича 4 631 минг кВт/соат, яъни 7 млрд 823,5 млн сўмлик қайта ҳисоб-китоб амалга оширилган.
Таҳлилларга кўра, ноқонуний уланишлар энг кўп Самарқанд шаҳри (94 та), Самарқанд тумани (71 та) ҳамда Жомбой тумани (59 та) ҳудудларида аниқланган.
Жумладан, Нуробод туманида ўтказилган рейд тадбирлари давомида “Н Б С” автоювиш шохобчасининг ҳисоблагичдан ташқари тармоққа тўғридан-тўғри уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келгани фош этилди. Ушбу ҳолат юзасидан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди.