Электрчилар ҳам “боди-камера” билан ишлаяпти

Бу ҳақда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали томонидан вилоятда электр энергияси таъминотини яхшилаш бўйича жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, бугунги кунда вилоятдаги 981 минг 249 истеъмолчига 14 минг 564 та трансформатор пункти орқали электр энергияси етказиб берилмоқда. Электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларида юзага келиши мумкин бўлган авария ҳолатларини бартараф қилиш мақсадида вилоят бўйича 603 нафар ишчи ва 22 та махсус техникадан иборат 95 та авария бригадалари шакллантирилган.
- Ёз мавсумини беталафот ўтказиш ҳамда аварияларни тезкор бартараф қилиш учун 30 дона ҳар хил қувватдаги трансформатор пункти, 8,6 километр кабел ва симлар, 76 дона муфта, 2,9 тонна трансформатор мойи захираси яратилган, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд ҳудудий филиали бош муҳандиси вазифасини вақтинча бажарувчи Шамсиддин Болтаев. - Истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш мақсадида жорий йилда 23 дона “Дамас” автомашинаси ҳамда 4 дона махсус техника харид қилиниб, тегишли ҳудудларга топширилган. Шунингдек, филиал таркибий корхоналарининг олис ҳудудлардаги устачилик бўлимлари учун 47 дона махсус жиҳозланган контейнерлар харид қилиниб, ходимларга хизмат хоналари ташкил этилган.
Жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш доирасида 1207 дона трансформатор пункти ва 2919,1 километр электр узатиш тармоқларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган. Ўтган давр мобайнида 876 дона трансформатор пункти ва 2171,4 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди. Вилоятда истеъмолчиларга етказиб берилаётган электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида яна 26 минг 490 дона темир-бетон устун ҳамда 371 дона ҳар хил қувватдаги трансформатор пункти ўрнатиш, 1321,2 километр электр узатиш тармоқлари тортиш ишлари режалаштирилган.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалда
Шамсиддин Болтаевга кўра, Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятдаги 88 та маҳаллада 495 километр электр узатиш тармоқлари, 233 та трансформатор пункти ҳамда 12 минг 975 дона темир-бетон таянчлар ўрнатиш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Ҳозирга қадар 410,2 километр электр узатиш тармоқлари тортилиб, 10 минг 895 дона темир-бетон таянчлари ва 174 дона трансформатор пункти ўрнатилган.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоятдаги туман ва шаҳарларни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш режасига мувофиқ, 148 та маҳаллада (306 та объектда) 382,5 километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 85 та трансформатор пункти ва 10015 дона бетон устунлари янгиланади ва модернизация қилинади. Йил бошидан эса 41 та маҳаллада (38 та объектда) 58,3 километр электр узатиш тармоқлари ҳамда 5 дона ҳар хил қувватдаги трансформатор пунктларида қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган.
Боди-камералар тест режимида ишламоқда
Соҳада “Geo-axborot” электрон тизими ишга туширилиб, мазкур тизимда инсон омилисиз истеъмолчи электр тармоқларига уланишни автоматик тарзда онлайн танлаш имкони яратилмоқда.
- Бугунги кунда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун “E-dalolatnoma” расмийлаштириш тизими йўлга қўйилди ҳамда туман ва шаҳар электр таъминотларига 158 дона планшет ажратилди, - дейди “Энергосавдо” филиали Самарқанд бўлинмаси бошлиғи Асад Шукуров. - Шу билан бирга, истеъмолчилар билан бевосита ишловчи инспектор ходимлар ўртасида коррупцион ҳолатлар юзага келмаслиги учун “боди-камера”лар билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Ҳозирда Хитойдан 54 дона боди-камера харид қилинди. Ушбу “боди-камера”лар Самарқанд тумани ҳамда Самарқанд шаҳар инспекторларига топширилган бўлиб, тест-режимида ишламоқда.
Фазлиддин Рўзибоев.