Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Прокурорлар 2 588 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқини тиклади

Аввал хабар қилинганидек, Самарқанд вилоят прокуратурасида қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, прокуратура органлари фаолиятида очиқликни таъминлашга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Республика ва вилоят оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари иштирок этган анжуманда Самарқанд вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Эшқувватов мавзу юзасидан маълумот берди.

Таъкидланишича, вилоятда 10 ой давомида ўтказилган текширишларда аниқланган қонунбузулиш ҳолатлари бўйича 6045 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. 4965 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган. Жиддий қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 67 та жиноят иши қўзғатилган.

Етказилган 1 миллиард 89,4 миллион сўмлик зарарлар ихтиёрий ундирилган. Судларга 5,7 миллиард сўмлик 525 та даъво аризалари киритилган. 2 588 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

- Прокурорлар томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” ва бошқа давлат дастурлари асосидаги кредит маблағларини ўз вақтида ажратиш назоратга олинган, - дейди С.Эшқувватов. – Шу билан бирга, олинган кредитларни мақсадли ишлатилиши ҳам алоҳида эътиборимизда. Муаммоли ва мақсадсиз ишлатилган кредит бўйича 84 та прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган, 279,7 миллиард сўмлик муаммоли кредитларнинг 186,6 миллиард сўми ёки 66,7 фоизи ундирилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида йил бошидан буён вилоят прокуратураси қабулхонасига 34 268 та мурожаатлар келиб тушгани, шундан 21 244 таси бевосита прокуратура ходимлари томонидан ҳал қилингани, 2 168 таси қаноатлантирилиб, 1 239 нафар фуқаронинг ҳуқуқлари тиклангани айтилди.

Анжуман давомида журналистлар саволларига соҳа мутахассислари томонидан жавоблар қайтарилди.

Йил якунигача журналист ва блогерлар ўртасида мини футбол бўйича “Прокурор кубоги” мусобақасини ўтказишга келишиб олинди.

Ҳ.Элтоев.