Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қоплон эр-хотинга ҳужум қилди

Бу воқеа Ҳиндистоннинг Карнатака штатида содир бўлди: леопард эр-хотинга қўққисдан ҳужум қилди ва жароҳатлади. Бу ҳақда The Hindi нашри хабар берди.

Йиртқич тунги соат учларда далани суғораётган Шехар ва Сумья Каматга ташланди. Натижада эркак қўл суяклари синди. Аёл моматалоқ ҳолда қочиб қутулди. Ҳужумдан кейин йиртқич буталар орасига чекинди.

Воқеа жойига келган ўрмон хўжалиги мутасаддилари қоплон ҳали ҳам буталар орасида яширинганига ишонч ҳосил қилишди. Қалин дарахтлар орасидан чиқадиган товуш унинг жароҳат олгани ёки ўлжасини ямлаб ютаётганидан дарак берарди. Мутахассислар ухлатадиган ўқ узиш ва уни бошқа жойга кўчириш пайида ҳайвонни яширинган жойидан чиқишини кутишди...

Турли хабарларда Ҳиндистонда ва унинг минтақаларида қоплон ҳужуми бошқа кўплаб йирик йиртқич ҳайвонлардан кўра тез-тез рўй бераётганини кўрсатмоқда. Ҳиндистон ярим оролида одамларга ҳужум бошқа жойларга қараганда 16 баравар кўп. Масалан, йилида 1 миллион аҳолига 19 киши тўғри келади.

Инсон ва қоплон ўртасидаги зиддиятларнинг аксарияти табиий ўлжа камайганлиги билан боғлиқ. Шунингдек, Ҳиндистон, Африка ва дунёнинг бошқа қисмида қоплон популяцияси ошиши, уларни табиий ов турини тарк этиб, «жиноят»га бошлашга – умидсизликдан одамларга ҳужум қилишга мажбур қилади.

Г.Холдорова тайёрлади.