Ургутда ноёб ҳайвон — Туркистон силовсини аҳоли яшаш жойига кириб келди
Кеча, 19 октябрь куни Туркистон силовсини Ургут туманидаги Раҳматобод маҳалласи ҳудудига Зарафшон дарёси орқали келиб қолган. Бу ҳақда вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати Zarnews'га маълум қилди.
Маълум бўлишича, юқоридаги маҳаллада жойлашган “OQBUTA GOLD” МЧЖда ишловчи фуқаролар корхона ҳудудига келиб қолган ноёб хайвонни кўриб қолишади ва унга овқат беришади. Силовсин кетавермагач Ургут тумани ўрмон хўжалиги ҳамда туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича назорат инспекциясига телефон орқали мурожаат қилишади. Масъуллар эса тезда жойига бориб ўрганишганда, бу ҳайвон Туркистон силовсини эканлиги аниқланади.
Ҳозирда мазкур ҳайвон махсус тиббий текширувдан ўтказилмоқда, тез орада яна табиат қўйнига қўйиб юборилади.
Туркистон силовсини қисқариб бораётган, мозаик тарқалган кенжа тур ҳисобланиб Угом, Писком, Чотқол, Туркистон, Ҳисор, Кўҳитанг тоғ тизмаларида учрайди.
Ўзбекистондан ташқарида - Ўрта Осиё мамлакатлари, Қозоғистон, Мўғулистон, Хитой ғарби, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон шимолида ҳам бор. Асосан, тоғларнинг ўрта ва юқори қисмлари, кўпинча сочма-тошлоқ ва қояларга яқин жойларда яшайди.
Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 300 га яқин Туркистон силовсини қолган.