Оқдарёда қўй ва товуқларга ҳамла қилган йиртқич отиб ўлдирилди

2020 йил март ойининг бошларида тунги вақтларда Оқдарё тумани, Янгиҳаёт маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Янгиҳаёт, Янгиқўрғон ҳамда Галаравот қишлоқларидаги хонадонларда очиқ ва қаровсиз қолган қўй ва товуқларга “ёввойи ҳайвон” ҳамла қилиб кетаётганлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалди.

Ҳолатни ўрганиш мақсадида зудлик билан туман ички ишлар бўлими, туман ҳокимлиги, туман ДСЭНМ, туман ветеринария ва кўнгилли фуқаролардан иборат ишчи гуруҳ тузилди.

Жорий йилнинг 4 март куни Янгиҳаёт маҳалласида маҳалла фуқаролари билан йиғилиш ўтказилиб, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жумладан, туман ҳудудидаги овчилик жамиятига аъзо бўлган овчилар кўнгилли равишда тадбирга жалб этилди ва Янгиҳаёт маҳалласи қишлоқларидаги хонадонларда текшириш ишлар ташкил этилди.

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, тахминан соат 16:00 ларда Янгиҳаёт қишлоғидан ўтиб кетаётган “ёввойи ҳайвон”, яъни “шоқол” аниқланди ва овчилар томонидан отиш йўли билан йўқ қилинди.