Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қўрқув ва ваҳимага тушмаслик, эҳтиёткорликни намоён қилиш, кўтаринки руҳни йўқотмаслик лозим

Ҳозирги кунда бутун дунё жамоатчилиги диққат марказида COVID-19 пандемияси хавфи турибди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори жорий йилнинг 11 мартида тарихда дунё илк бор коронавирус инфекцияси пандемиясига дуч келди, дея эълон қилди.

Пандемия нима дегани? Пандемия бу жуда катта ҳудудга тарқалган, кўплаб одамларнинг ҳаётига хавф соладиган, тез юқадиган касаллик ҳолатидир. Соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари ва тегишли экспертларнинг фикрига кўра, ҳозир дунё бўйлаб авж олган коронавирус касаллиги инсоният тарихидаги кейинги юз йилликда учраган энг хавфли эпидемиялардан биридир.

Барча давлатлар касаллик тарқалишининг олдини олишга жиддий эътибор қаратмоқда. Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашда қатъий чоралар кўрилмоқда. Инсонларнинг ҳаракатланишига чекловлар киритиш ва корхоналар фаолиятини тўхтатиш, карантин ҳолати эълон қилиш, қуруқлик, денгиз ва ҳаво чегараларини ёпиш, халқаро қатновларни тўхтатиш, одамларнинг оммавий тўпланишига йўл қўймаслик ва бошқалар ана шулар сирасидандир.

Бугун дунёнинг деярли барча минтақаларида миллионлаб одамлар ўзларининг турмуш тарзи тубдан ўзгариб кетганига гувоҳ бўлиб турибди. Юзага келган вазиятда вирус тарқалишини камайтириш ва унинг олдини олиш учун барча давлатлар томонидан қатъий чора-тадбирлар кўрилиши талаб этилади. Бу хавфли касалликни енгиш йўлида давлат органлари ва соғлиқни сақлаш тизимлари томонидан кўрилаётган тадбирларда аҳолининг барча қатламлари ва кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этиши жуда муҳим.

Коронавирус пандемияси дунё бўйлаб таҳдид солиб турган бир пайтда давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан офатдан халқимизни асраш бўйича ва инфекция кириб келиши ҳамда тарқалишининг олдини олиш борасида тезкор, таъсирчан, қатъий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, касаллик аниқланган илк кунданоқ барча таълим ва диний муассасалар фаолияти, халқаро ва ички жамоат транспортлари қатнови тўхтатилди. Автотранспорт чекловлари ўрнатилди, озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналардан бошқа савдо объектларининг фаолияти тўхтатилиб, кўплаб ташкилотларда ходимлар меҳнат таътилига чиқарилди ёки масофавий ишлаш тартибига ўтказилди. Коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг соғайиб кетиши учун уларга ЖССТ тавсиялари асосида ва халқаро стандартлар бўйича тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Айни кунларда барча куч ва воситалар, маблағ ва ресурслар коронавирус эпидемияси кенг тарқалишининг олдини олиш, вирус билан касалланганларни талафотсиз соғайтириш, бутун мамлакатнинг санитария-эпидемиология ҳолатини барқарорлаштиришга йўналтирилган. Президентимиз коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишни кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек: “Давлат томонидан кўрилаётган чоралар одамларимизнинг касалликни юқтириб олиш эҳтимолини имкон қадар чегаралаш, вирусли инфекциянинг тарқалишини жиловлашга қаратилган”. Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, инсонларни соғломлаштириш ва соғлом муҳитни яратиш, соғлом авлодни тарбиялаш учун зарур шароитларни шакллантириш ва профилактик тиббиётни ривожлантиришга йўналтирилган кенг қамровли ислоҳотлар бугунги кунда ва келгусида Ўзбекистон сиёсий кун тарибида турган бош масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

COVID-19 тарқалишининг олдини олиш ва тўхтатишга йўналтирилган мислсиз чора-тадбирлар, гарчи, катта ижтимоий ва иқтисодий сарф-харажатлар ҳисобига бўлса-да, вақтдан ютиш ва соғлиқни сақлаш тизими зиммасига тушаётган юкни камайтиришга ёрдам беради. Пандемиянинг эълон қилиниши – истисносиз барча мамлакатларга қаратилган янги вирусга қарши курашдаги энг фаол ва қатъий ҳаракатларга чорловдир. Ушбу ҳаракатлар бутун жамият ва барча давлат бошқаруви секторлари саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилиши лозим. Умумий хавфни енгиб ўтиш учун биз иродали ва қатъиятли бўлишимиз талаб этилмоқда.

Жаҳон ҳамжамиятининг нуфузли ташкилотлари раҳбарлари карантин қоидалари – сўзсиз амал қилиниши лозим бўлган энг катта зарурат эканлигини таъкидламоқда ва уни бузмаслик юзасидан тинмасдан оммага мурожаат қилмоқда. Дунёда вазиятнинг кескин тус олаётганини ва карантин қоидаларига амал қилишнинг қай даражада муҳим эканини яна бир бор эслатиб қўйиш учун ҳам мазкур мурожаат ва чорловлардан айримларини келтириб ўтиш мумкин.

Вақти келиб COVID-19 пандемияси чўққисига чиқади ва пасая бошлайди. Бироқ биз ҳозирча унинг тарқалишини тўхтатишимиз ва одамларни ҳимоя қилишимиз керак. БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг ва ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесуснинг чақириғи шундай жарангламоқда. Улар вирус устидан ғалаба қозониш учун жамоатчиликнинг мислсиз саъй-ҳаракатлари талаб қилиниши ҳақида огоҳлантириб келмоқда.

Бизнинг авлод мисли кўрилмаган хавфга дуч келди. Одамларнинг ташвишга тушганлари ва саросимада эканликларининг ҳайрон қоладиган жойи йўқ. “Айниқса, ҳимояга муҳтож ҳолатдаги кимсалар – кексалар ва олдиндан касал бўлиб келган кишилар, зарур тиббий ёрдам олиш имконияти йўқлар ва камбағалликда ёки жамиятнинг эътиборидан четда кун кечирувчилар азият чекмоқда”, дея таъкидлади БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

Биз вируснинг тарқалишини тўхтатишимиз ва бир-биримиз ҳақимизда қайғуришимиз керак. “Биз ваҳимага тушмаслигимиз, бунинг ўрнига эҳтиёткорлик намойиш қилишимиз керак. Иллатга қарши биз илмий маълумотларни, қурқувга қарши эса далилларни қўйишимиз керак”, дея оқилона мулоҳаза юритишга чақиради Антониу Гутерриш.

БМТ Бош котиби COVID-19 тарқалиши пандемия дея эътироф этилганига қарамасдан, уни назорат қилиш мумкин деб ҳисоблайди. Айни пайтда у бунинг учун шахсий, маҳаллий ва халқаро даражада саъй-ҳаракатлар талаб этилишидан огоҳлантирди.

ЖССТ бош директори Тедрос Гебрейесус 50 мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлари билан онлайн-кенгаш натижасида вирусни эрта аниқлаш ва диагноз тасдиқланган кишиларни ажратиб қўйиш, касаллар билан алоқага киришган шахсларни кузатиш ва уларни карантинга олиш, шунингдек, даволаш самарадорлигини ошириш  белгиланганлиги ҳамда бундан ташқари, аҳоли билан доимий алоқа ўрнатиш ҳам ўта муҳим, бу ҳукуматга ишончни мустаҳкамлаш ва фуқароларни эпидемияга қарши курашга сафарбар қилишга ёрдам беришини таъкидлаб ўтди. Тедрос Гебрейесус Сингапур Соғлиқни сақлаш вазирининг “Биз энди курашнинг бошланишидамиз. Хотиржамликни сақлашимиз, бирлашишимиз ва ўзаро келишиб ҳаракат қилишимиз керак”, деган сўзларидан иқтибос келтириб ўтди.

ЖССТ Тинч океани Ғарбий қисми мамлакатлари Минтақавий бюроси директори Такеши Касаининг (Takeshi Kasai) Тинч океан Ғарбий қисми мамлакатларидаги COVID-19 билан боғлиқ вазият ҳақидаги мурожаатида “Энг асосий хулоса – ушбу эпидемияни тўхтатиш мумкин. Бугун Хитойда илк маротаба маҳаллий даражада инфекция билан зарарланиш ҳолати қайд этилмади. Шунга қарамай, мамлакат соғлиқни сақлаш органлари барибир вируснинг мамлакатга четдан кириб келиши ҳолатларини аниқладилар ва қайд этдилар. Ҳолбуки, ўтган ойда эпидемия авжига чиққанида мамлакатда кунига 3800 та инфекция билан зарарланишнинг янги ҳолатлари қайд этилган эди. Худди шундай йўсинда Корея Республикаси, Япония ва Сингапур ҳам эпидемия суръатларини пасайтиришга муваффақ бўлди ва сўнгги ҳафталарда касалланиш ҳолларининг кундалик қайд этилиши кўрсаткичлари анча паст эканлиги ҳақида хабар бермоқда”, деб таъкидлаб ўтилган.

ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг матбуот учун берган баёнотида “Вирус тарқалишининг олдини олиш ва тўхтатишга қаратилган мислсиз чоралар вақтдан ютишга ва келгусидаги ҳаракатларимизга тайёргарлик кўришга имкон беради. Бундай вазиятда биз кўтаринкилик руҳини сақлашимиз, ўзимизнинг жисмоний ва руҳий саломатлигимиз ҳақида ғамхўрлик қилишимиз керак – биз учун ягона йўл шудир. Айни пайтда руҳий зўриқиш, хавотир, қўрқув – инқироз ҳолатида табиийдир. Шу сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳозирда кишиларнинг руҳий ҳолатига биринчи даражали эътибор қаратмоқда. Охир-оқибат, бизнинг ролимизда, энг муҳими, эзгулик ва меҳр улашиш, бироқ, айни дамда, жисмоний масофани сақлаш чоралари тўғрисида унутмасликдир”, деб таъкидлаб ўтди.

Халқаро футбол ассоциациялари федерацияси (ФИФА) Бошқаруви Кенгаши ва ЖССТ коронавирусга қарши кураш кучларни бирлаштирмоқда ва халқаро миқёсда таниқли футболчилар билан янги ахборот кампаниясини бошламоқда. Улар инфекциянинг тарқалишини тўхтатишга ёрдам берадиган бешта глобал чора кўришга чақирмоқда. “Сизнинг пасингиз: Коронавирусни ўйиндан четлатинг” акцияси соғлиқни сақлаш учун ЖССТ томонидан тавсия этилган беш қадам ҳақида маълумот тарқатишга қаратилган, улар сирасига қўлни ювиш, нафас олиш одобига риоя қилиш, юзга тегмаслик ва ўзини бошқа одамлардан узоқ тутиш ҳамда ўзини ёмон ҳис қилганда уйда қолиш киради.

Ҳар биримиз жамиятнинг бир бўлагимиз. Бир-бирига ғамхўрлик қилиш ва ўзаро бир-бирига ижтимоий ва ҳиссий кўмак билан мурожаат қилиш инсон табиатига хос. Эпидемия бизнинг одатий ҳаёт тарзимизни издан чиқарди. Бироқ ҳар ёмоннинг бир яхшиси бўлади деганларидек, у бизга янги имкониятларни ҳам тақдим қилмоқда. Карантин давомида одамлар ўз оиласи билан ўтиришга, яқинлари билан бирлашиб, оқибатни кучайтириши, кўпроқ яхшилик, ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиши мумкин. Шу нуқтаи назардан ҳозирда пандемияга қарши курашда Ўзбекистон ҳукумати қўллаётган оммавий карантин тавсияларига қулоқ тутиб, саросима ёки ваҳима кайфиятига берилмаслик керак.

Муҳими, бугунги вазиятда ҳар биримиз зиммамиздаги вазифаларга янада масъулият билан ёндашишимиз, бизнинг ҳам бутун инсоният олдида пандемия қўяётган мажбуриятлардан четда туришга ҳаққимиз йўқлигини унутмаслигимиз керак. Биздан оддий нарсалар талаб қилинмоқда. Бу ваҳимага тушмаслик ва эҳтиёткорлик. Хавотир ва қўрқувни инкор қилиб бўлмайди. Қўрқув ва ваҳима бизни кучсизлантиради! Эҳтиёткорлик эса уйда қолишни ва энг бебаҳо неъмат бўлган сиҳат-саломатликни асраш, ҳимоя қилиш учун санитария-гигиена талабларига қатъий риоя қилишни тақозо этади.

Келинг, зиммамиздаги умуминсоний вазифани адо этайлик, кўпга келган бу офатга қарши бирдам бўлиб курашайлик. Ўзимизни ва яқинларимизни асрайлик. Жиддий зарурат бўлмаса, уйдан чиқмайлик!

Инсон ҳаётининг қиймати йўқ. У Яратган томонидан бир марта берилади.

Шуҳрат РАХМОНОВ,

Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази доценти, юридик фанлар номзоди.