Уйда қолиб, оилангизни, яқинларингизни - дунёни асранг!
Бутун дунё халқлари қаторида биз ҳам ўта мураккаб шароитда коронавирус деб аталмиш кўринмас ёв билан рўбарў келдик. Мамлакат миқёсида карантин режими эълон қилинди.
Бу нима дегани? Раҳна солиб турган хавф жуда катта ва кутилмаган бўлгани учун ундан сақланиш, беталафот чиқиш учун эҳтиётликка риоя этиш дегани.
Карантин, аввало, тартиб-интизом ва шахсий намуна талаб қилинадиган қоидаларга сўзсиз бўйсуниш, ўзни тоза ва пок сақлаш дегани.
Карантин нафақат ўзини балки, яқинлари, ўзга фуқаролар ҳаётини ҳам ўйлаш, жамият ва халқ олдида масъулиятли бўлиш дегани.
Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан коронавирусдан сақланиш бўйича тегишли чора-тадбирлар шошилинч тарзда, ўз вақтида бошлангани ва кенг кўламда иш олиб борилаётганидан ҳар куни, ҳар дақиқа хабардормиз.
Бу кўринмас бало қаердан, қачон келишини билмаймиз. У кичик бир зарра бўлса-да, дунёни алғов-далғов қила бошлади.
Бу кўринмас душманга “Қани кел, қўлингдан нима келади?” деб эмас, Президентимиз таъкидлаганидек, маърифатимиз ва маънавиятимиз, метин иродамиз билан, қадриятларимиздан куч олиб, ҳамжиҳатликда қарши чиқишимиз керак.
Бу вабо шахсий ҳимоя туфайлигина ўзгаларга ўтмайди.
Шу боис кўринмас душманга кўринмасликка ҳаракат қилиб, энг мустаҳкам қўрғонимиз - уйимизда ўтириб, унга қарши курашишимиз керак. Ўзимизни асрасак, оиламизни, оиламизни асрасак, қариндош, эл, Ватанимизни асраган бўламиз.
Ҳозир ҳар куни интернет ва телевидение янгиликларидан хабардор бўлиб турибсиз. Унга қарши ўта жиддий муносабатда бўлиш талаб этиляпти.
Ўйлаб кўринг, Америкада нима бўляпти? Ривожланган, аммо қадриятларидан узоқлаша бошлаган Испания, Франция, Италияда-чи?
Давлат раҳбарлари томонидан ўз вақтида тегишли чоралар кўрилмагани, коронавирусга беписанд қаралгани, ўзбошимчалик, тартибсиз ҳаёт кечириш, ўзаро меҳр-оқибатнинг йўқолиб бораётгани, талаб этилаётган оддий қоидаларни менсимаслик туфайли вирус ёйилиб, ўрчиб кетмадими?
Бизда эса бу офатга ўз вақтида баҳо берилди. Президентимиз томонидан барча зарурий чоралар кўрилди ва кўрилмоқда.
Тегишли ташкилотлар, айниқса, шифокорлар коронавирусни тўхтатиб қолиш учун ҳаётини тикиб, кеча-ю кундуз тер тўкишяпти. Улар ўз жонларини хавф-хатарга қўйиб, халқимизнинг соғлиғини ўйлашмоқда. Бизни тинимсиз огоҳлик ва ҳамжиҳатлик, тартиб-интизомни бузмасликка чақириб турган Миллий гвардия, ички ишлар, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимларининг беқиёс хизматлари туфайли барқарормиз. Уларга чин юракдан раҳмат айтамиз.
Бизчи? Биз фуқаролар шу жонкуярлик, карантин талабларига риоя этаяпмизми? Ниқоб тақиш, масофа сақлаш, уйдан чиқмасликдек оддий, аммо жуда зарур шартларга сўзсиз риоя этишимиз керак бўла туриб, ўзимизни кўринмас тиғга уряпмиз. Карантин даврида кўчага чиқиб юриш ажал уруғини елкалаб юриш билан баробар. Талаб этилаётган қоидаларга асосан ҳар бир киши нафақат машина ёки велосипедда юриши, балки жамиятдан алоҳида, карантин талабларини сўзсиз бажариши керак.
Яна бир гап. Уйда қолиб, оила даврасининг иссиқ тафтидан баҳраманд бўляпмиз. Кўпчилигимиз ота-она ёнида, кимдир ёш болалари билан карантин даврини ўтказяпти.
Ҳамжиҳатликда кўп нарсаларни муҳокама этса бўлади:
- оилавий янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш;
- болаларига дарс тайёрлашда, китоб танлашда кўмаклашиш;
- ёши улуғлардан ҳаётий ва фойдали панд-насиҳатлар эшитиш;
- тинчлик ва соғлиғимизнинг қадрига етиш фурсати пайдо бўлди.
Биз, ижодкорлар фарзандларимиз ва аҳолига ижтимоий тармоқлар орқали электрон ва аудио китобларни тавсия қилиб боряпмиз. Ёшлар уларни ўқиб дунёқарашларини оширишса, севимли китобларидаги образлар билан яшаб, хайрли ва эзгу ишларни кўнгилларига тугиб қўйса, Ватан учун доимо жасорат кўрсатишга шай турсалар, биз хурсанд бўламиз. Адабий қаҳрамонларимиз Сиз бўласиз.
Алломалардан бири Фатҳ Мусалий шундай дейди:
Касалга оби-таом берилмаса ўлгани каби, қалбга ҳам уч кун илм берилмаса, у ўлади”. Шундай экан, айни карантин кунларида китоб ва донолар суҳбати қалбимизга энг яхши қувватдир.
Бу ҳаёт тақозоси. Инсон инсонлигича қолиши керак. Демак, одамлар одам бўлиб қолиши учун билаги кучи эмас, юрак қуввати, маънавияти ва илми билан оламни обод қилиши учун ҳам кўпроқ ўқиши керак.
Тошпўлат ТУГАЛОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими раҳбари.