Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт…

Буюк ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги нафақат мамлакатимизда, балки бутун жаҳонда ҳам муносиб қарши олинмоқда. Жорий йилнинг 9 февраль куни Самарқанд давлат университети фаоллар залида (соат 11:00) Алишер Навоийнинг 580 йиллигига бағишланган  «Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт…» мавзуидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.

Президентимиз 2020 йил охирида халқимизга қилган мурожаатномасида келажагимиз таянчи ва бунёдкори бўлган ёшларимизга Навоий тилидан «Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт…» дея мурожаат қилиб, буюк шоир ҳаёти ва ижодини ўрганишга қаратилаётган эътибор, 2020 йил 19 октябрда қабул қилинган «Буюк ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорнинг аҳамияти ва долзарблигини таъкидлаб ўтган эди.

Шоир ва давлат арбоби, инсонпарварлик ғояларининг ялавбардори Ҳазрат Навоий XV асрда Мовароуннаҳрни ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий, адабий-маърифий жиҳатдан халқ, жамият манфаати, тараққиёти йўлида ўз ҳиссасини қўшган. Бу улуғ сиймони англаш ва унинг умумбашарий маърифий ғояларини халқимиз тафаккурида юксалтириш бугунги кунда ҳам миллатимизнинг юксалиши, баркамоллик, комронлик топишида тўғри йўл кўрсатувчи калитдир. Бугунги кунда миллатимиз бутун дунёга ўз сўзи, бой сийрати билан юзлашаётган бир пайтда биз Навоийга янада яқинлашдик. Низомиддин Мир Алишер Навоий ўзи ҳам, амали ҳам, сўзи ҳам замон ва макон танламайдиган умуминсоний ғояларнинг татбиқи билан башарият учун илм-маърифат калитидир. Навоий шундай қуёшки, унинг маънолар оламини кўнгилда жилвалантириб ҳидоят чироғини ёқиш унга муносиб бўлишнинг энг тўғри йўлидир.

Ҳазрат Навоий ижодида кўнгил Каъба каби муқаддас даргоҳ. Унинг таъбири билан айтганда:

Каъбаки, оламнинг ўлуб қибласи,

Қадри йўқ андоқки, кўнгул каъбаси.

Ким бу халойиққа эрур саждагоҳ,

Ул бири холиққа эрур жилвагоҳ.

Чунончи, мавжудотларнинг энг афзали бўлган инсон кўнгли шу қадар поклик ва гўзаллик ила Каъбатуллоҳдан ҳам улуғки, у Аллоҳнинг назаргоҳидир. Каъбатуллоҳни Аллоҳнинг элчиси бунёд этган бўлса, кўнгилни Ҳолиқи парвардигор яратди.

Алишер Навоий болалик чоғлариданоқ таълим-тарбияда аҳли илму-ирфон қуршовида бўлгани ҳаммага маълум. Балки, у мутолаа қилган манбалар, унинг қалб ҳароратини алангалатган инсонлар, айрим асарлар ҳали ҳамон биз изласак-да, аммо англолмаган армонларимиздир. Таъкидлаш ўринлики, улуғ аллома Имом Ғаззолий «Ҳужжат ул-ҳақ» нисбати ила ҳақиқатни излаган қалбларни ҳаққа етиштирувчи «Кимёи саодат» асарида инсон ва унинг қалби хусусида мушоҳада юритади.

Инсон бир шаҳар ва унинг ҳокими – қалб беш ариқдан сув ичиши, бу ариқлардан оққан зилол сувлар қалб кўзгусини очувчи озиқа экани гўзал бадиият ила далилланади. Беш ариқ эса инсоннинг бешта сезги рецепторлари эканлиги таъкидланади. Ҳазрат Навоий эса бу қалбни жилвагоҳ сифатида Кўнгил каъбаси концепциясида асослаб берди. Демак, Навоийни эшитиш, ўқиш, англаш учун инсон қалби озуқасида эзгу сўзни эшитган, покликка назари тушган, ҳалол луқмада таъби шаклланган, жисмию руҳида фақат фасоҳат ва тозалик одат бўлиши лозим. Бир сўз билан айтганда қалб баҳрамандлиги унинг ботини ва зоҳирини шакллантиради, тарбиялайди. Айнан мана шундай навоиёна тафаккур билан буюк мутафаккир маънолар уммонига ғаввос каби шўнғиб, маърифат дурларини термоқ башариятнинг эҳтиёжи ва маслагини тақозо этмоқда.

«Садди Искандарий» достонида илм ва тажриба борасида Луқмондан ҳикмат қилинади:

Жаҳон аҳлиға чун шиор ўлди жаҳл,

Эрур борчанинг аксини тутқон аҳл».

 

Дединг чун жаҳон аҳли, эй ҳушёр,

Жаҳон тарки аввал керак ихтиёр.

Алишер Навоий Луқмони Ҳакимдаги илму тажрибани жаҳолат аҳлидан сабоқ олиб, уларнинг амалларини такрорламай огоҳликда омонлик топганини таърифлайди. Огоҳлик аввало, тарки жаҳондан бошланишини даъват этар экан, инсон дунёи жаҳонга мубталоликда эмас, кўнгли ва амали ила бир олам зарраси бўлиб жаҳоннинг гўзаллигини жилвалантирувчи маънолар олами бўлишликка муносиблигини уқтиради. Демак, жаҳолатга исён эмас, балки огоҳлик, илм-тажриба саботи, матонати, жоҳиллар бахтсизлигига барҳам берадиган саодатга чорловчи амаллар малҳам бўлади. Дарҳақиқат, улуғ ва мутафаккир Алишер Навоий асарлари ҳар қатида инсон баркамоллиги қайғусида яратилган битик сифатида барча замонлар учун маърифатга инган ҳикматдир.

 

Назмия МУҲИТДИНОВА,

СамДУ доценти.