Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Россиялик режиссёр Тошкентда "Мистер нокаут" фильмини суратга олмоқда. Бош роллардан бирини Сергей Безруков ижро этади

Россиялик режиссёр Артём Михалков “Мистер нокаут” номли спорт драмасини суратга олиш учун Ўзбекистонга ташриф келди. Олимпия ўйинлари чемпиони Валерий Попенченко ҳақидаги фильмда бош ролни Виктор Хориняк, унинг мураббийи Григорий Кусикянц ролини Сергей Безруков ижро этади. Фильм Тошкент, Чирчиқ, Янгиобод ва Чорбоғда суратга олинади. Ҳозирда фильмда иштирок этадиган ўзбек актёрларининг кастинги давом этмоқда.

"Ўзбеккино" миллий агентлиги "Мистер нокаут" фильмини суратга олиш ишларига яқиндан ёрдам бермоқда. Шу муносабат билан Артём Михалков "Ўзбеккино"да бўлиб, киноасарни яратишга доир ҳамда кейинги ҳамкорликдаги лойиҳалар тўғрисида фикр алмашди.

- Ҳар галги хизмат сафарим давомида ўзбек кино санъатининг ривожланиш жараёнларини диққат билан кузатаман, - деди россиялик режиссёр. - Бу йил бир гуруҳ иқтидорли ўзбек ёшлари Бутунроссия кинематография давлат институти (ВГИК)да ўқишга отлангани қувонарли ҳол. Чунки ҳар доим етук мутахассислар керак ва бу ҳар қандай кино ижодкорлари учун муҳим масала. Биз профессионалларга ишонишимиз, пировардида профессионал ёшларни тарбиялашимиз керак.

"Мистер нокаут" фильми таниқли совет боксчиси, 1964 йилда Токиода бўлиб ўтган Олимпия ўйинлари ғолиби, икки карра Европа чемпиони, СССРнинг олти карра чемпиони ва Олимпия ўйинларининг техник боксчисига бериладиган “Вал Баркер кубоги”нинг ягона соҳиби Валерий Попенченконинг тақдири ҳақидаги биографик драмадир. Бўлғуси Олимпия чемпионининг ёшлик даври урушдан кейинги йилларда Тошкентдаги Суворов билим юртида ўтади. Машҳур спортчининг таржимаи ҳолидаги айнан шу тафсилот фильмни Ўзбекистонда суратга олиш учун омил бўлди.

Россиялик режиссёр Тошкентда "Мистер нокаут" фильмини суратга олмоқда. Бош роллардан бирини Сергей Безруков ижро этади